Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун эълон қилинган миллий медиаистеъмол тадқиқоти натижаларига кўра, респондентларнинг 46,6 фоизи сохта хабарларни замонавий медиасоҳанинг асосий таҳдиди деб ҳисоблайди ҳамда аҳолининг аксарият қисми нотўғри ахборот тарқатганлик учун ОАВ жавобгарлигини кучайтиришни ёқлайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолининг 51,6 фоизи янгиликларни Telegram каналларидан олишини, 44,6 фоизи телевидение, 41,6 фоизи эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини маълум қилгандик. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири маълум қилганди.
Аниқланишича, мамлакат аҳолисининг ахборот манбаларидан фойдаланиш ва уларга бўлган ишонч даражаси ўртасида сезиларли фарқ кузатилмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 46,6 фоизи фейк хабарларни ахборот майдонидаги энг жиддий муаммо ва таҳдид сифатида баҳолаган.
Мазкур хавотирлар фонида респондентларнинг 77,4 фоизи нотўғри ва дезинформация хусусиятига эга маълумотларни тарқатганлик учун оммавий ахборот воситаларининг қонуний жавобгарлигини янада кучайтириш зарур деган фикрни билдирган.
Шу билан бирга, аҳолининг манбаларга бўлган ишончи бўйича ҳам қизиқарли тенденция аниқланган. Гарчи Telegram янгиликларни тезкор олиш бўйича биринчи ўринда турса-да, жамиятда энг юқори ишонч телевидениега (44,3%) тегишли бўлиб қолмоқда. Таққослаш учун, Telegram-каналларга респондентларнинг бор-йўғи 11,3 фоизи, янгиликлар ва интернет-сайтларига эса атиги 7,4 фоизи ишонч билдирган.
Телеканалларнинг ўзаро рейтинги таҳлил қилинганда, томошабинлар томонидан энг юқори ишонч билдирилган манба сифатида O'zbekiston 24 телеканали эътироф этилган — респондентларнинг 52,8 фоизи ушбу канални энг ишончли ахборот манбаи деб ҳисоблайди. Шунингдек, нодавлат ва кўнгилочар-ахборот йўналишидаги Milliy TV, Zo'r TV ҳамда Sevimli TV телеканаллари ҳам аҳоли орасида энг оммабоп ва талаб юқори бўлган телевизион манбалар қаторидан жой олган.

Изоҳлар мавжуд емас