Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ҳарбий-денгиз кучлари машғулоти вақтида юз берган фожиада 12 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна икки нафарни қидириш ишлари давом этмоқда. Фожиадан сўнг Ақтау шаҳрида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинлари ва маҳаллий аҳоли шаҳар морги олдига йиғилиб, яқинларини таниб олиш жараёнини бошлашни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Каспий соҳилида ҳарбий-денгиз кучларининг ўқув-жанговар вазифаси бажарилаётган вақтда об-ҳаво кескин ёмонлашиб, шамол кучайганди. Натижада ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган эди.
Дастлаб Қозоғистон Мудофаа вазирлиги 19 нафар ҳарбий хизматчи денгизга олиб кетилгани ва улардан 9 нафари ҳалок бўлганини маълум қилганди. Кейинчалик ҳукумат комиссияси воқеа тафсилотларини аниқлаштириб, денгизга 17 нафар ҳарбий хизматчи тушганини, 12 нафари ҳалок бўлганини маълум қилган. Уч киши қутқарилган, улардан бири шифохонага ётқизилган. Қолган икки ҳарбий хизматчини қидириш ишлари давом этмоқда.
Яқинлари морг олдида жавоб кутди
Фожиа ҳақида хабар тарқалганидан кейин Ақтауда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг қариндошлари ва яқинлари шаҳар морги олдига йиғилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган кадрларда одамлар яқинларининг тақдири ҳақида аниқ маълумот талаб қилаётгани кўринади. Айрим қариндошлар ҳарбийларнинг шахси расмий равишда аниқланишини ва жасадларни таниб олиш жараёни бошланишини сўраган.
Манғистау вилояти ҳокимининг ўринбосари Галымжан Ниязов морг олдига келган фуқаролар билан учрашган. Маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини яқин вақт ичида яшаш жойларига етказиш учун тайёргарлик кўрилаётганини билдирган.
Ҳозирда Каспий соҳилида қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. Ҳукумат комиссиясига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев раҳбарлик қилмоқда.
Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири — бедарак йўқолган икки ҳарбий хизматчини топиш. Қидирув ишларига зарур куч ва воситалар жалб қилиниб, операцияни кечаю кундуз узлуксиз давом эттириш топширилган.
Ҳодиса жойига Қозоғистон мудофаа вазири ва ҳукумат комиссияси аъзолари ҳам борган.
Жиноят иши қўзғатилди
Фожиа юзасидан Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодисанинг барча ҳолатлари, жумладан, ҳарбий машғулотларни ўтказиш шароитлари ва хавфсизлик талабларига риоя этилгани текширилмоқда. Суд экспертизалари тайинланган.
25 сентябрь куни Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов иш бўйича хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш ва оғир оқибатларга олиб келган бепарволик, шунингдек, кемаларни бошқариш қоидаларини бузиш билан боғлиқ моддалар бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилган.
Қозоғистонда 25 сентябрь — умуммиллий мотам куни
Фожиа муносабати билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 25 сентябрни умуммиллий мотам куни деб эълон қилган.
Президент ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган. Ҳукумат комиссияси раҳбари Қанат Бозумбаев эса ҳалок бўлган ҳар бир ҳарбий хизматчининг оиласига моддий ёрдам ва зарур қўллаб-қувватлаш кўрсатилишини маълум қилган.
Ақтау шаҳрида 25–27 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган айрим байрам тадбирлари ҳам фожиа муносабати билан бекор қилинган.
Қидирилаётган икки ҳарбий хизматчининг тақдири ҳам ҳозирча номаълум.

Изоҳлар мавжуд емас