Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда мавсумий вируслар авж олган бир пайтда Гонконг гриппи билан касалланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда шифохоналарда 8 239 бемор даволанмоқда, уларнинг 6 809 нафари — болалар. Шу билан бирга, аҳоли дорихоналарда айниқса вирус ва гриппга қарши дори воситалари танқислиги кузатилаётганини билдирмоқда.
Бундан олдин А типидаги грипп (H3N2) — Гонконг гриппи билан касалланиш ҳолатлари илк бор Ақтобе шаҳрида авж олгани хабар берилганди. 12 ноябрь ҳолатига кўра, лабораториялар 11 та ҳолатда ушбу вирусни тасдиқлади.
Маҳаллий аҳоли, айниқса болаларда, касаллик оғир кечаётганини ва уларда 38 даражадан юқори иситма, йўтал ҳамда кучли ҳолсизлик кузатилаётганини билдирмоқда.
Вазият кескинлашгани ортидан Қозоғистон Бош вазири соғлиқни сақлаш вазирига беморларга сифатли ёрдам кўрсатишни таъминлаш, зарурат туғилганда қўшимча ўринлар ва мобил бригадалар сонини ошириш бўйича топшириқ берган. Дорихоналарда антивирус воситалари етарли бўлиши устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, қўшни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини тинчлантириб, бу — янги эпидемия эмас, балки одатий мавсумий ЎРВИ эканини таъкидлаган. Маълумотларга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан буён мамлакатда 1 461 819 та ЎРВИ ҳолати қайд этилган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20% кам. Беморларнинг 66 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади.
Бироқ сўнгги ҳафтада касалланиш кескин ошган: 183 074 та ҳолат, бу ўтган йилнинг мос ҳафтасидан 16% кўп. Мактаб ўқувчилари орасида бир ҳафтада 6 мингдан ортиқ ЎРВИ, 13 та грипп ҳолати қайд этилган. Остонадаги айрим мактабларда оммавий тадбирлар вақтинча тўхтатилган, айрим синфлар эса онлайн таълимга ўтказилган. Аммо маска режими ҳозирча жорий этилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас