Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Покистоннинг Балужистон вилоятидаги кўмир конида кучли портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида камида 32 нафар кончи ҳалок бўлди.
Воқеа тафсилотларига кўра, фожиа 30 июль куни Кветта шаҳри яқинидаги Сўранж конида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, шахтада метан газининг тўпланиб қолиши портлашга сабаб бўлган.
Эътиборлиси, портлаш содир бўлган пайтда кон ичида 36 нафар ишчи бўлган. Портлаш кучи юқори бўлгани сабабли бир-бирига яқин жойлашган иккита кон жиддий шикастланган.
Шунингдек, маҳаллий табиий офатларни бошқариш хизмати қутқарувчилари шахтадан 29 нафар ҳалок бўлган кончининг жасадини олиб чиққан. Кон ичида аниқланган яна уч нафарнинг жасадини олиб чиқиш ҳамда қолганларни қидириш ишлари давом эттирилмоқда.
Балужистондаги кўмир конларида хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилмаслиги ва шамоллатиш тизимларининг етарли даражада йўлга қўйилмагани сабабли бундай бахтсиз ҳодисалар вақти-вақти билан такрорланиб туриши қайд этилган.
Олдинроқ Қатарнинг Рас-Лаффан саноат шаҳрида жойлашган суюлтирилган табиий газ (LNG)ни қайта ишлаш заводида кучли портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб инсонлар жароҳат олганди.

Изоҳлар мавжуд емас