Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистонда Толибон ҳукуматининг янги қарорига кўра, эндиликда паранжи киймаган аёлларга давлат идораларига кириш тақиқланди, деб хабар берди Hasht-e Subh Daily нашри манбалари.
Маълумотларга кўра, сўнгги кунларда аҳоли ҳолатини рўйхатга олиш идораси, Таълим вазирлиги ва Жазони ижро этиш бошқармаси каби бир қатор давлат муассасаларида аёлларнинг иш жойига киришига йўл қўйилмаяпти.
Хусусан, Ҳирот вилоятида Толибон маҳаллий таълим бошқармасига камида 50 нафар аёлни киришини ман қилгани маълум қилинган. Манбаларга кўра, қарор мамлакатнинг турли ҳудудларида амалда жорий этилган.
Толибоннинг бу ҳаракати аёлларни паранжи кийишга мажбурлаш мақсадида қилингани айтилмоқда.
Бир вақтнинг ўзида, БМТнинг Афғонистон бўйича ёрдам миссияси (МООНСА) ўз ҳисоботида айтиб ўтганидек, Кунар, Қандаҳор ва Хўст вилоятларида паранжи киймаган аёллар шифохоналарда тиббий ёрдамдан маҳрум этилган.
Шунингдек, Толибон шифокорларга ҳам ҳижобсиз аёл беморларни қабул қилмаслик ҳақида огоҳлантириш бергани маълум қилинган.
Айни пайтда Афғонистонда аёллар ҳуқуқларига нисбатан чекловлар кескин кучайиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг "Толибон" ҳаракати назорати остидаги Қандаҳор провинциясида аёллар ўзлари билан "маҳрам картаси"ни, яъни эркак ҳамроҳ борлигини тасдиқловчи махсус ҳужжатни олиб юришлари шарт қилиб қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас