Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ президенти Дональд Трамп хорижликлар томонидан фарзандини АҚШда дунёга келтириш орқали фуқаролик олиш амалиётига қарши қаратилган янги фармонларни имзолади. Ҳужжатлар "туғилиш туризми"га қарши чораларни кучайтириш ва туғилиш орқали фуқаролик бериш тартибини чеклашни назарда тутади.
Оқ уй маълум қилишича, янги фармонлар айрим тоифадаги хорижликлар, жумладан, АҚШга фақат фарзандига фуқаролик олиш мақсадида келган шахсларга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, маъмурият "туғилиш туризми" билан боғлиқ тижорий фаолиятга қарши курашиш чораларини ҳам кучайтиради.
Бироқ мазкур қарорлар ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Мутахассислар АҚШ Конституциясининг 14-тузатиши туғилиш орқали фуқаролик ҳуқуқини кафолатлаши сабабли, янги фармонлар судларда яна кўриб чиқилиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Аввалроқ АҚШ 3 августдан бошлаб айрим давлатлар фуқаролари учун туристик (B-2) ва бизнес (B-1) визаларни расмийлаштиришда виза гарови тизимини доимий тартибда жорий этганди. Янги қоидаларга кўра, консуллик ходими ҳар бир мурожаатни алоҳида баҳолаб, 20 минг долларгача гаров талаб қилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас