Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон раҳбариятига Ҳўрмуз бўғозини сешанба кунига қадар очиш бўйича ултиматум қўйиб, акс ҳолда мамлакат энергетика ва транспорт инфратузилмасига вайронкор зарбалар берилиши билан таҳдид қилди. Дунё бўйлаб нефть ва табиий газ етказиб беришнинг бешдан бир қисми ўтадиган ушбу стратегик сув йўли Эрон томонидан ёпиб қўйилган бўлиб, Трамп ўз баёнотида вазият кескинлашса, Теҳрон "дўзахда яшаши"ни таъкидлади.
Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. Xабар берилишича, воситачилар томонлар ўртасида 45 кунлик сулҳ тузиш ва кейинчалик урушни бутунлай тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Трамп ҳам Fox News телеканалига берган интервьюсида Эрон билан келишувга эришиш мумкинлигини инкор этмаган. Айни пайтда Исроил ва АҚШ кучлари Эроннинг ядровий дастури ва ракета арсеналини йўқ қилиш мақсадида беш ҳафтадан буён ҳаво зарбаларини давом эттирмоқда.
Ҳарбий ҳаракатлар давомида АҚШ махсус кучлари Эрон ичкарисида ўта хавфли амалиёт ўтказиб, уриб туширилган F-15 қирувчи самолёти учувчисини қутқарган. Ўз навбатида, Эрон ҳам Форс кўрфазидаги энергетика объектларига, жумладан Кувайт, Баҳрайн ва БААдаги нефть кимёси заводларига дрон ва ракеталар билан ҳужум уюштирган.
28 февралдан буён давом этаётган ушбу низо оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлди, минтақадаги кескинлик эса энг юқори нуқтасига етган.
27 март куни ҳам АҚШ Уруш вазирлиги давом этаётган қуролли тўқнашувга нуқта қўйиш мақсадида "Эпик ғалаба" деб номланган ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқдалигини айтгани ҳақида хабар берган эдик. Оқ уйдаги манбалар хабар беришича, яқин 48 соат ичида музокараларда силжиш бўлмаса, Пентагон Эроннинг стратегик муҳим Харк, Лорак ва Абу-Мусо оролларини оккупация қилишга киришмоқчи эди.

Изоҳлар мавжуд емас