Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Корея Ҳўрмуз бўғозида ҳаракатланиш эркинлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ҳарбий чораларни ҳам ўз ичига олган вариантларни кўриб чиқмоқда. Бироқ мамлакат ҳукумати ҳарбий куч юбориш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти маъмурияти маълум қилди.
Ҳукумат ҳозирда кўриб чиқаётган вариантлар орасида денгиз патруль самолёти, логистика таъминоти кемаси, шунингдек, миналарни аниқлаш ва зарарсизлантириш бўлинмасини юбориш имкониятлари бор. Сеул эҳтимолий ҳисса кўлами ва унинг хусусиятларини АҚШ, Буюк Британия ва Франция билан ҳам муҳокама қилмоқда.
Президент маъмурияти вакили Жанубий Корея Ҳўрмуз бўғозида ҳаракатланиш эркинлигини таъминлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга амалий ҳисса қўшиш йўлларини муҳокама қилаётганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ҳарбий чоралар ҳам кўриб чиқилаётган вариантлардан бири эканини айтгани.
"Ҳеч нарса ҳал қилинмаган", — деган расмий вакил. Унинг таъкидлашича, қарор қабул қилишда мамлакатдаги ҳуқуқий тартиб-таомиллар, Корея яриморолидаги ҳарбий тайёргарлик ҳолати ҳамда парламент тасдиғи ҳисобга олинади.
Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён келаси ҳафта Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашувида Ҳўрмуз бўғози бўйича эҳтимолий вариантларни муҳокама қилиши мумкин.
Мутахассислар эҳтимолий миссия Жанубий Кореянинг АҚШ билан иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкинлигини билдирмоқда. Корея Миллий Дипломатия академияси профессори Бан Гил Жунинг фикрича, бундай қадам Сеулнинг Вашингтон олдидаги иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини намоён этади.
Унинг баҳосига кўра, хабарларда тилга олинган вариантлар "ўрта даражадаги" ҳисса бўлиб, Ҳўрмузда халқаро хавфсизлик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши, бироқ Эронга қарши ҳарбий амалиётларда бевосита иштирок этишни англатмаслиги мумкин.
Жанубий Корея қонунчилигига кўра, мамлакат ҳарбийларини хорижга жойлаштириш учун Миллий ассамблеянинг тасдиғи талаб этилади. Шу билан бирга, жамоатчиликнинг бундай қарорни қўллаб-қувватлаши паст бўлиши мумкин. Март ойида ўтказилган Gallup Korea сўровида иштирок этганларнинг 55 фоизи Жанубий Корея ҳарбий кемаларини Ҳўрмуз бўғозига юборишга қарши чиққан, 30 фоизи эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Агар миссия тасдиқланса, бу Жанубий Кореянинг 2009 йил март ойида Аден қўлтиғига қароқчиликка қарши операциялар учун "Чхонхэ" бўлинмасини юборганидан кейин Корея яриморолидан ташқаридаги биринчи денгиз миссияси бўлиши мумкин.
Ҳўрмуз бўғози Жанубий Корея учун стратегик иқтисодий аҳамиятга эга. Мамлакат ўтган йили хом нефть импортининг 61 фоизи мазкур сув йўлига таянган.
2 сентябрь куни Эрон АҚШ зарбаларидан сўнг Ҳўрмуз бўғозини ёпганини маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас