Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон АҚШ билан ҳарбий тўқнашувлар қайта кучайганидан сўнг Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатига янги чекловлар жорий қилганини маълум қилди. Теҳроннинг бу қарори 1 сентябрь куни АҚШ Эрон ҳудудига оммавий зарбалар берганидан кейин қабул қилинган.
Аввалига АҚШ Қуролли кучлари Эроннинг Инқилоб қўриқчилари корпусига тегишли ҳаво мудофааси, радар, алоқа ва денгиз объектларига зарбалар берган. Вашингтон бу ҳаракатларни Эрон томонидан АҚШ ҳарбийлари ва савдо кемаларига қарши таҳдидларга жавоб сифатида изоҳлаган.
Шундан сўнг Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига, жумладан Иордания, Баҳрайн ва Ироқдаги базаларига ракета ва дронлар орқали жавоб зарбалари берганини билдирган. Шу тариқа сўнгги ҳафталарда нисбатан пасайган АҚШ–Эрон ҳарбий қарама-қаршилиги яна кескинлашган.
Шу вазиятда Эрон парламенти Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси матбуот котиби Иброҳим Ризоий Ҳўрмуз бўғози ёпилганини маълум қилган. Унинг айтишича, депутатлар "Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегик фаолият" доирасида янги талабларни маъқуллаган.
Унга кўра, бўғоз орқали кемалар ҳаракати транзит тўловлари амалга оширилганидан ва Эронга етказилган ҳарбий зарар учун компенсация тўланганидан кейин рухсат этилиши мумкин.
Шунингдек, бўғоздан ўтиш учун кемалар суғурта ва банк кафолатига эга бўлиши талаб қилинади. Эрон томони АҚШ билан уруш даврида Теҳронга зарар етказган давлатлар билан компенсация тўлаш бўйича келишув бўлмаса, уларнинг кемаларига ўтишга рухсат берилмаслигини билдирган.
Ҳўрмуз бўғозидаги вазият аввал ҳам бир неча бор кескинлашган. Сўнгги кунларда АҚШ ва Эрон кучлари ўртасидаги тўқнашувлар фонида бўғоз орқали юк ташиш ҳажми кескин камайган: 1 сентябрь куни у ердан атиги тўртта юк кемаси ўтган, бу сўнгги 10 кунлик ўртача кўрсаткичдан анча кам.
Ҳўрмуз бўғози жаҳон энергетикаси учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у орқали дунё нефть таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтади. Шу сабабли унинг ёпилиши ёки кемалар ҳаракатининг чекланиши нефть нархлари ва халқаро денгиз ташувларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатар Бош вазири Теҳронда Эрон раҳбарияти билан учрашиб, Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракатини тиклаш ва минтақадаги кескинликни юмшатиш масалаларини муҳокама қилганди. Мулоқот АҚШ ва Эрон ўртасида урушни якунлаш бўйича музокараларни қайта бошлашга қаратилган халқаро дипломатик саъй-ҳаракатлар фонида бўлиб ўтган эди.

Изоҳлар мавжуд емас