Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 18 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди. Ушбу қарор иқтисодиётда инфляция босимини пасайтириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадига йўналтирилган.
Февраль ойи якунларига кўра, йиллик инфляция 7,3 фоизни, базавий инфляция эса 6,3 фоизни ташкил этган. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши умумий инфляция пасайишини секинлаштирган бўлса, базавий инфляциянинг ўсиши кузатилган.
Январь ойида тармоқлар кесимида юқори ўсиш суръатлари қайд этилган:
- Умумий овқатланиш — 18,9 фоиз;
- Улгуржи савдо — 15,6 фоиз;
- Хизматлар — 14,8 фоиз;
- Чакана савдо — 14,7 фоиз;
- Қурилиш — 9,2 фоиз;
- Саноат — 7,8 фоиз.
Аҳолининг инфляцион кутилмалари 11,2 фоизни, тадбиркорларники эса 10,8 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, глобал таъминот занжиридаги узилишлар, энергия ва логистика харажатларининг ошиши ички бозорга қўшимча инфляцион босим ўтказиши мумкин.
Марказий банкнинг келгусидаги сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш ва аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилишга қаратилади.
Асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2026 йил 29 апрель кунига белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас