Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари учун электр энергияси харажатларини қоплаш мақсадида ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилди.
Текширувлар давомида Беруний, Амударё ва Қўнғирот туманларида жами 895,5 миллион сўм давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш ҳолатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, 2023–2025 йилларда Беруний туманидаги 52 та фермер хўжалигига 1 миллиард 288 миллион сўмдан ортиқ субсидия ажратилган. Бироқ айрим мансабдор шахслар томонидан электр энергияси истеъмоли бўйича ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиши оқибатида 50 та фермер хўжалигига 311,5 миллион сўм маблағ асоссиз равишда ортиқча тўлаб берилган.
Шунингдек, 2024–2025 йилларда Амударё туманидаги 193 та қишлоқ хўжалиги корхонасига 3 миллиард 830,2 миллион сўм, Қўнғирот туманидаги 46 та корхонага эса 1 миллиард 819,6 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Текширувлар давомида субсидия ажратиш жараёнида белгиланган тартибларга риоя қилинмагани, талабгорларнинг фаолияти жойига чиқиб ўрганилмагани, экин майдонлари, суғориш усуллари, электр ҳисоблагичлари ҳолати ва электр энергияси сарфи текширилмагани маълум бўлган.
Натижада Амударё туманида 36 та корхонага 337,3 миллион сўм, Қўнғирот туманида эса 15 та корхонага 246,7 миллион сўм миқдорида амалда истеъмол қилинмаган электр энергияси учун субсидия ажратилган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, бугун Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг масъул ходимлари иштирокида йирик коррупцион схема фош этилганди. Маълум бўлишича, тизим мутахассислари тадбиркорларга импорт ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун норасмий "ставка"лар белгилаб олишган.

Изоҳлар мавжуд емас