Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил октябрь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,6 фоизга ошди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларга нисбатан тезроқ қимматлашди. Йиллик инфляция эса 6,5 фоизни ташкил этди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил октябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,6 фоизга қимматлашган. Нархлар ўсиши, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларида сезилган: тухум 5,2 фоизга, бақлажон ва бодринг эса 9 фоизга ошга.
Йиллик инфляция 6,5 фоизни ташкил этган. Бу 2025 йил октябридаги кўрсаткичдан 1,3 фоиз бандга паст. Бироқ ойлик инфляция сентябрь ойидаги 0,7 фоиздан бироз секинлашган бўлса-да, йиллик кўрсаткич 6,4 фоиздан 6,5 фоизга кўтарилган.
Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 1 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,6 фоизга қимматлашган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи 5,2 фоизга кўтарилган. Қўй гўшти 1,4 фоизга, суякли мол гўшти 1,2 фоизга, қийма 1,1 фоизга, сут 1 фоизга қимматлашган. Олий навли буғдой унидан тайёрланган нон нархи ҳам 0,7 фоизга ошган. Шакар эса аксинча, 2,2 фоизга арзонлашган.
Мева-сабзавотлар нархида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилган. Бақлажон ва бодринг 9 фоиздан, помидор 8,8 фоизга, булғор қалампири 8,7 фоизга қимматлашган. Картошка нархи ҳам 5,3 фоизга кўтарилган.
Айни пайтда айрим мевалар арзонлашган: лимон 15 фоизга, узум 7,5 фоизга, олма 3 фоизга ва банан 1,3 фоизга пасайган.
Октябрь ойида бензин нархи ўртача 1 фоизга, пропан 0,4 фоизга ошган. Метан нархида эса ўзгариш қайд этилмаган.
Хизматлар соҳасида энг сезиларли ўсиш совуқ сув ва канализация тарифларида кузатилган — улар 4,7 фоизга қимматлашган. Такси хизматлари нархи 1,3 фоизга, репетиторлик хизматлари 1,6 фоизга, чет тилларини ўргатиш курслари эса 0,8 фоизга ошган.
Инфляция пасайяптими?
Аввалги материалларимизда ҳам Ўзбекистонда инфляция динамикасига эътибор қаратган. Масалан, 2026 йил май ойида йиллик инфляция 5,5 фоизгача тушгани қайд этилган. Июль ва августда эса бу кўрсаткич 6,4 ва 6,2 фоизни ташкил қилган.
Октябрь якунлари бўйича йиллик инфляция 6,5 фоизга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан паст бўлса-да, аҳоли кундалик харид қиладиган айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ва коммунал хизматлар нархининг бир ой ичида сезиларли ошганини кўрсатади.
Статистика қўмитаси ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасидан 3 миллиондан зиёд нархларни қайд этган. Кузатувлар 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулоти ҳамда 98 турдаги хизматни қамраб олган.
Олдинроқ Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда сақлаб қолганди, аммо йиллик инфляция прогнози 7 фоизга кўтарган эди.

Изоҳлар мавжуд емас