Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида педагогларнинг дам олиш кунларида 24 соатлик навбатчиликка жалб этилиши бўйича берилган кўрсатма бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ҳукумат баёнига бориб тақалиши аниқланди.
Суриштирувларга кўра, ўқитувчиларни 2025 йил 25 декабрдан 2026 йил 5 январга қадар узлуксиз навбатчилик қилишга мажбурлаган ҳужжат — Мактаб ва мактабгача таълим вазири ўринбосари томонидан ҳудудий бошқармаларга йўлланган "хизмат доирасида фойдаланиш учун" (ХДФУ) грифи остидаги хатдир. Ушбу топшириқ Вазирлар Маҳкамасининг 20 декабрдаги 245-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида чиқарилган.


Вазирлар Маҳкамаси баёнида Янги йил байрами муносабати билан вазирлик ва идораларда тун-у кун ишлайдиган штаблар ҳамда 24 соатлик навбатчилик ташкил этиш белгиланган.
Вазирлик ушбу кўрсатмани ҳудудий бошқармаларга, бошқармалар туман бўлимларига, улар эса ўз навбатида мактаб ва боғчаларга юборган.
Шу сабабли Бувайда туманидаги 37-мактабда ўқитувчилар 13 сутка давомида мактабда қолишга мажбурланган.
Эътиборли жиҳати, аввалроқ ушбу топшириқ ижросини таъминлаган Бувайда туманидаги 37-мактаб директори вазифасини бажарувчи раҳбар "ходимларга хизмат вазифасига кирмайдиган ишларни юклаганлик" важи билан ишдан бўшатилган эди.
Собиқ депутат Расул Кушербаев мактаб директорининг ишдан олиниши фонида юқори лавозимли амалдорларнинг дахлсиз қолаётганини танкид килганди. У буни "икки ёқлама стандарт" ва "мансабга қараб жазо қўллаш" деб атаган.
Бироқ, янги маълумотлар мактаб директори шунчаки юқори турувчи органларнинг ёзма буйруғини бажарганини кўрсатмоқда.
Ҳозирда ушбу амалиёт республикадаги деярли барча таълим муассасаларида қўлланилгани эҳтимоли юзасидан жамоатчилик эътирози кучаймоқда.

Изоҳлар мавжуд емас