Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Бувайда туманидаги 37-мактаб директори вазифасини бажариб келган раҳбарни ишдан бўшатишда қўпол қонунбузилишга йўл қўйилгани маълум бўлди. Навбатчилик қилган ўқитувчиларга устама тўланади.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактаб директори ўқитувчиларни 13 кун давомида тун-у кун навбатчиликка мажбурлагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолатдан сўнг директор вазифасини бажарувчи раҳбар ишдан бўшатилганди. Жамоатчилик фаоли Расул Қушербаев эса ушбу воқеага муносабат билдириб, айрим амалдорларнинг жиддий қоидабузарликлари жазосиз қолиб, оддий мактаб директори эса тезкор равишда жазоланганини адолатсизлик сифатида баҳолаган эди.
Меҳнат инспекциясининг 2026 йил 8 январдаги ўрганиш натижаларига кўра, директорни лавозимидан озод этиш ҳақидаги буйруқ ҳуқуқий асосга эга эмас деб топилган. Эндиликда мактаб раҳбари ўз вазифасига қайта тикланади.
Текширув давомида навбатчиликка жалб қилинган ходимларга ҳақ тўлашда хатоликлар аниқланган. Эндиликда иш берувчи навбатчилик қилган ўқитувчиларга икки ҳисса иш ҳақи тўлаб беришга мажбур.
Мактаб директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи меҳнат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган, бироқ бу уни ишдан бўшатиш учун етарли асос бўла олмаган.
Вилоят бошқармаси директорни бўшатиш жараёнида меҳнат нормаларини четлаб ўтгани Меҳнат инспекцияси томонидан расман қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас