Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бобур кўчасида экологияни яхшилаш, ҳавони тозалаш ва қулай шаҳар муҳитини яратишга қаратилган кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳаси якунланди, дея маълум қилди шаҳар ҳокимлиги. Аввалроқ у ерда 200 га яқин дарахт ваҳшийларча кесилган эди.
Ишлар доирасида 7 турдаги 83 туп дарахт ва 16 521 туп бута кўчатлари экилди, 950 м2 майдонда майсазор барпо этилди ва 10 000 погон метр замонавий суғориш тизими ўрнатилди.
Экилган навлар орасида Илекс Нелли Стивенс, Тунберг Atropurpurea ва Nana наъматаклари, ялтироқ олхўри, Blue Chip ва Old Gold қарағайлари, шунингдек, нандин ва Фразер фотиниялари бор. Бу ўсимликлар шаҳар шароитига жуда чидамли бўлиб, ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтиришга ёрдам беради.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, йиллик кислород ажратиш ҳажми тахминан 226 минг 615 м3 ни ташкил этади, бу тахминан 450 кишининг эҳтиёжига тўғри келади.
Эслатиб ўтамизки, Яккасарой тумани Бобур кўчаси бўйлаб жойлашган ҳудудда 24 октябрдан 25 октябрга ўтар кечаси 170 дан ортиқ дарахт кесилиши оқибатида табиатга 1,5 миллиард сўмлик зарар етказилганди. Хиёбон кесиб ташланганидан сўнг, пойтахт ҳокимлиги дарҳол хизмат текшируви бошланганини эълон қилди. Экология вазирлиги вазият алоҳида назоратга олинганини таъкидлади.
Кейинроқ прокуратура жиноят иши қўзғатган. Бироқ, экологик жиноятнинг юқори мартабали буюртмачиси эмас, балки унинг ижрочилари бўлган ободонлаштириш хизматининг оддий ходимлари тергов остида қолди.

Изоҳлар мавжуд емас