Загрузка
Загрузка
Маҳкумларга олий таълим олиш имконияти яратилади
Жамият

Маҳкумларга олий таълим олиш имконияти яратилади

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳам университетларга ўқишга кириб, олий маълумот олиши мумкин бўлади. Бу имконият 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида масофавий таълим шаклида йўлга қўйилади.

Бу Президентнинг 2026 йил 16 ноябрдаги "Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ–397-сон қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, "Янги ҳаёт" дастури доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилинган маҳкумларнинг масофавий ўқиши учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади. Ҳужжатда маҳкумларни касбга ўқитиш тизимини кенгайтириш ҳам назарда тутилган.

Жумладан, 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади.

2030 йилга қадар меҳнат бозори талабларига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий қилинади. Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш режалаштирилган.

Бу орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Қарорда ёш маҳкумларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланган. Уларнинг орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади ва ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Шунингдек, барча жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда "Ёш китобхон" танлови ташкил этилади. Колониялар кутубхоналарида эса "Мутолаа" платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорда белгиланган чора-тадбирлар маҳкумларнинг касб эгаллаши, таълим олиши ва озодликка чиққандан кейин жамиятга мослашишига кўмаклашишга қаратилган.

Аввалроқ маҳкума аёлларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун махсус боғчалар ташкил этилиши юзасидан ахборот берилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...