Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида беш нафар мактаб ўқувчиси бўлган Gentra дарахтга урилиши оқибатида 13 ёшли бола ҳалок бўлди, яна икки нафар ўқувчи жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ўсмир бошқарган. Унинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимининг ўғли экани айтилмоқда.
Kun.uz манбаларига кўра, ЙТҲ 12 ноябрга ўтар кечаси Тойлоқ туманидаги Нурли йўл маҳалласи ички йўлида содир бўлган. Автомобилда тумандаги 15-мактабнинг 8-синфида таҳсил олувчи беш нафар ўқувчи бўлган.
Нашр манбасининг билдиришича, автомобилни бошқарган ўсмир ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган. У рул бошқарувини йўқотиши оқибатида машина йўл четидаги дарахтга бориб урилган.
Ҳодиса вақтида 13 ёшли ўқувчи автомобиль ичида қисилиб қолган ва ҳалок бўлган. Яна икки нафар бола турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Манбага кўра, автомобилни бошқарган ўсмир ЙҲХБ ходимининг ўғли бўлган. У аввал ҳам машина ҳайдаб юргани ва бу ҳолат атрофдагиларга маълум бўлгани айтилмоқда. Бироқ унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда автомобиль бошқаришига нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақида маълумот берилмаган.
Kun.uz воқеа юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилган. Аммо нашр сўровига жавоб берилмаган.
Аввалроқ Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов хизмат автомобилида ЙТҲга учрагани ва автомобилни унинг вояга етмаган ўғли бошқаргани ҳақида хабар берилган эди. Ҳокимликнинг расмий муносабатида эса автомобилни ҳокимнинг ўзи бошқаргани, ўғли эса йўловчи бўлгани маълум қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас