Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Муғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух мамлакатдаги коррупция можароси фонида лавозимидан кетишга тайёрлигини маълум қилди. У мухолифат талабига рози бўлганини ва унга нисбатан билдирилган айбловлар юзасидан тергов билан ҳамкорлик қилишини айтган.
Воқеалар 16 ноябрь куни мухолифатдаги Демократик партия парламент фракциясининг баёнотидан кейин кескинлашган. Партия ҳукмрон Мўғулистон Халқ партиясининг юқори лавозимли вакилларини коррупция ва мансабни суиистеъмол қилишда айблаб, уларни лавозимидан четлатиш ва текширув ўтказишни талаб қилган.
Можаро Таван Толгой — Гашуунсухайт темирйўли қурилиши билан боғлиқ молиявий операциялар атрофида юзага келган. Мухолифат вакиллари ушбу лойиҳа доирасида тахминан 110 миллион доллар миқдоридаги маблағ коррупция йўли билан ўзлаштирилган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Демократик партия раиси Одон Цогтгэрэлнинг даъвосига кўра, бу пулнинг 22 миллион доллари ҳукмрон партия бош котибига ўтказилган ва сайлов кампанияларини молиялаштиришга сарфланган бўлиши мумкин. Бу маълумотлар ҳозирча сиёсий айбловлар бўлиб, суд томонидан тасдиқланмаган.
Бироқ коррупция можароси бўйича аввалги текширув натижаларида президентнинг даромадлари юзасидан қоидабузарлик аниқланмагани маълум қилинган. Муғулистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йилда фуқаро шикояти асосида Хурэлсухнинг сўнгги беш йиллик мол-мулк ва даромад декларацияларини текширган ҳамда улар тўғри тақдим этилган деган хулосага келган.
Шунингдек, 9 ноябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари темирйўл лойиҳаси учун ажратилган маблағлардан 110 миллион доллар нақд шаклда олиб чиқилиб, пора сифатида тарқатилганини тасдиқловчи далиллар ҳозирча топилмаганини билдирган.
Тергов маълумотларига кўра, лойиҳа учун 286 миллиард тугрик миқдорида аванс тўлови амалга оширилган, аммо маблағларнинг кейинги ҳаракати юзасидан молиявий текширув давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда коррупция билан боғлиқ ҳибслардан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари алмашганди.

Изоҳлар мавжуд емас