Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб тўй ва концертларда хизмат кўрсатувчи ижрочилар учун "бир хизмат — бир тўлов" тамойили асосида янги солиқ тизими жорий этилиши кутилмоқда. Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган лойиҳага кўра, санъаткорлар даромад миқдоридан қатъи назар, ҳар бир чиқиш учун белгиланган миқдорда солиқ тўлаши шарт бўлишини хабар берган эдик. Маданият вазирлиги мазкур тартиб юзасидан ўз муносабатини билдириб, ҳужжатнинг айрим бандларини қайта кўриб чиқишни сўради.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, санъаткорлар ҳозирги кунда ҳам солиқ тўлаш тизимидан ташқарида эмас. Улар амалдаги тартибга кўра ҳар ойда БҲМнинг бир баравари (412 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ ва йиллик даромаддан 12 фоизлик декларация асосида солиқ тўлаб келмоқда. Шу сабабли "санъаткорлар умуман солиқ тўламайди" қабилидаги талқинлар ҳақиқатга мос келмаслиги қайд этилган.
Янги лойиҳага кўра, 2029 йилгача бўлган даврда солиқ миқдорлари рейтинг тоифаси ва ҳудудга қараб белгиланади. Масалан, I рейтинг гуруҳидаги санъаткорлар шаҳар жойларда бир хизмат учун 1 миллион 236 минг сўм тўлаши кўзда тутилган. Маданият вазирлиги солиқ ставкаларини янада адолатли белгилаш, соҳа вакиллари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ва айрим енгилликлар бериш бўйича ўз таклифларини киритган. Идора ҳар қандай қарор аввало қонунийлик ва амалий самарадорликка асосланиши кераклигини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас