Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Тошкентдаги 2-сонли "Мурувват" уйининг кундузги бўлими тарбияланувчилари ёппасига хусусий боғчага ўтказилмоқда. Тарбияланувчиларнинг ота-оналари болаларни хусусий боғчага ўтказиш режасига қарши эканини маълум қилди.
Ота-оналарнинг айтишича, муассаса директори Ильёсбек Мамадалиев томонидан барча тарбияланувчиларни хусусий боғчага кўчириш жараёни бошланган. Улар бу қарор бўйича расмий тушунтириш ёки огоҳлантириш берилмаганини билдирмоқда.
Мурожаатд хусусий муассасада хизматлар пулли бўлиб, бу эса ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилаётган оилалар учун қўшимча молиявий юкни келтириб чиқараётгани айтилган.
Ота-оналар давлат томонидан бериладиган нафақа асосан болаларнинг дори-дармонлари ва парвариши учун сарфланишини, хусусий боғча тўловларини қоплаш имконияти чекланганини таъкидлаган.
Шунингдек, улар болалар ўзлари ўрганиб қолган муҳит ва мутахассислардан ажратилаётганидан хавотир билдириб, янги муассасадаги ходимларнинг малакаси ва тажрибасига ишонч йўқлигини айтмоқда.
Мурожаат сўнгида ота-оналар масъул ташкилотлардан вазиятга эътибор қаратишни сўраб, ушбу масала давлат раҳбаригача етиб боришини исташган
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президентнинг "Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилинганди. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун "Эрта аралашув" хизмати ишга туширилади.

Изоҳлар мавжуд емас