Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳокими ўринбосари пора олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди. Маълум қилинишича, фермердан сув етказиб бериш учун катта миқдорда пора талаб қилган.
Тергов маълумотларига кўра, мансабдор шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, фермердан 15 минг доллар талаб қилган. У 12 минг доллар миқдоридаги пора маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат Бухоро туманида шартнома асосида деҳқончилик билан шуғулланувчи фермернинг мурожаатидан кейин юзага келгани айтилмоқда.
Фермер "Қум Султон" массивидаги экин майдонларига Когон тумани ҳудуди орқали келадиган сув тўхтатилгани сабабли, суғориш масаласида ёрдам сўраб ҳоким ўринбосарига мурожаат қилган.
Мансабдор эса сувни очиб бериш ва келгусида муаммо бўлмаслигини ваъда қилиб, эвазига пул талаб қилгани билдирилмоқда.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми "б" ва "в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Илгари Тошкент шаҳрида профилактика инспектори 10 минг доллар пора олаётган вақтида қўлга олинганди. Маълум қилинишича, тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Изоҳлар мавжуд емас