Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Европанинг йирик озиқ-овқат гигантлари ишлаб чиқарган болалар сут аралашмаларида заҳарли токсинлар аниқлангани сабабли маҳсулотлар муомаладан чиқарилмоқда.
Швейцариянинг Nestle ва Франциянинг Lactalis ҳамда Danone компаниялари ишлаб чиқарган болалар озуқаларида Bacillus cereus бактерияси ва унинг заҳарли токсини — цереулид (cereulide) топилиш хавфи туфайли кенг кўламли қайтариб олиш жараёни бошланди. Мазкур модда истеъмол қилинганда кучли қусиш, диарея ва ҳолсизликни келтириб чиқаради.
Нидерландияда камида тўрт нафар гўдакнинг соғлиғи ёмонлашгани, Францияда эса ушбу маҳсулотни истеъмол қилган чақалоқнинг ўлими бўйича текширув олиб борилаётгани хабар қилинган.
Nestle маҳсулотлари қарийб 60 та давлатда, Lactalis эса Франциядан ташқари яна 15 дан ортиқ мамлакатда, жумладан, Ўзбекистон, Австралия, Хитой, Испания ва Грецияда муомаладан қайтариб олинмоқда.
Lactalis компаниясининг Picot бренди остидаги 6 та партияси, шунингдек, Nestle’нинг Guigoz, Nidal ва NAN HA1 SupremePro ҳамда Danone компаниясининг Dumex маҳсулотлари диққат марказида турибди.
Билдирилишича, маҳсулот таркибига кирувчи хомашё етказиб берувчиларнинг бирида цереулид токсини аниқланган.
Lactalis ва Nestle вакиллари юзага келган вазиятдан афсусда эканликларини билдириб, маҳсулотларнинг хавфсизлиги улар учун биринчи даражали вазифа эканини таъкидлаганлар. Истеъмолчиларга дорихона ва дўконлардан сотиб олинган шу каби сут аралашмаларининг серия рақамларига эътибор қаратиш тавсия этилади.
Маълумот учун, Lactalis компанияси 2018 йилда ҳам сальмонелла билан боғлиқ йирик можаро марказида қолган ва ўшанда 80 дан ортиқ давлатдан 12 миллион қути маҳсулотни қайтариб олишга мажбур бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас