Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эртага, 7 февраль куни Тошкентда таниқли тарихчи ва ўлкашунос Борис Анатольевич Голендер билан видолашув маросими ўтказилади. Шаҳар маданий меросининг энг фаол тарғиботчиси ва ҳимоячиси бўлган олим билан хайрлашиш учун пойтахт жамоатчилиги тўпланади.
Буюк олим 5 февраль куни оғир хасталикдан сўнг 77 ёшида оламдан ўтганди.
Маросим эртага соат 12:00 да Ўзбекистон Давлат санъат музейи фойесида бошланади. Сўнгги манзилга кузатиш маросимидан кейин Борис Голендер Дўмбробод қабристонига дафн этилади.
Борис Голендер бутун умрини пойтахтнинг бой ўтмишини ўрганишга бағишлади. У архив ҳужжатлари билан ишлаш, ноёб тарихий материалларни тўплаш ва уларни кенг оммага мароқли маърузалар ҳамда экскурсиялар шаклида тақдим этиш борасида тенгсиз эди. Унинг тадқиқотлари нафақат ўлкашунослик ишларида, балки таълим тизими ва маданий лойиҳаларда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилган.
Олимнинг мамлакат маданияти ва тарихий меросини асраш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланган. У 2019 йилда "Шуҳрат" медали, 2021 йилда эса "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.
Борис Голендернинг вафоти Ўзбекистон илмий ва маданий жамоатчилиги учун катта йўқотиш бўлди. Унинг ишлари Тошкентнинг меъморий қиёфаси ва инсонлар тақдири ҳақидаги хотирани келгуси авлодларга етказишда давом этади.

Изоҳлар мавжуд емас