Тошкент ҳокимига кўчалардаги темир панжаралар бўйича депутатлик сўрови юборилди
Жамият

Тошкент ҳокимига кўчалардаги темир панжаралар бўйича депутатлик сўрови юборилди

80

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров пойтахт кўчаларига 8,4 миллиард сўм эвазига темир тўсиқлар ўрнатилаётгани юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовдан асослантирилган тушунтириш талаб қилди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси томонидан юборилган ушбу сўровга Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 20 майдаги (№ 367-14-0-Q/25) ва 21 июлдаги (№ 530-14-0-Q/25) қарорлари асос бўлган. Мазкур ҳужжатлар билан пойтахт йўллари бўйлаб металл тўсиқлар ўрнатиш учун жами 8,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Илгари демонтаж қилинган панжараларнинг яна қайта ўрнатилиши жамоатчилик ва экспертларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Депутат ўз сўровида бир қатор ўткир саволларни ўртага ташлаган:

1. Металл тўсиқлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши қай даражада илмий асосланган ва экспертлар хулосаси олинганми?

2. Илгари пиёдалар ва йўловчилар учун хавфли деб топилиб, олиб ташланган амалиётга нега яна катта миқдорда давлат маблағлари сарфланмоқда?

3. Аҳоли зич жойларда пиёдалар учун қулай ўтиш йўлларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

4. Ушбу панжаралар ҳақиқатан ҳам пиёдалар хавфсизлигини кафолатлайдими ёки аксинча, янги хавфларни юзага келтирадими?

"Парламент назорати тўғрисида"ги қонуннинг 15-моддасига асосан юборилган ушбу сўровга шаҳар ҳокимлиги томонидан расмий ва асослантирилган жавоб берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда темир панжалар Тошкентга қайтаётгани ҳақидаги хабарлар бугун кун тартибида турибди. Масъуллар гарчи 2019 йилда бу панжаралар пиёдалар учун жиддий хавф туғдириши маълум қилган бўлса-да, ҳозир улар қайта ўрнатилишни бошлаган. Шу сабабли мухбиримиз ҳолат юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ходимлари ва фаоллар иштирокидаги норасмий учрашувда иштирок этганди ва сабабларни ўрганганди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...