Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 28 октябрдан 2 ноябргача пойтахтдаги саккизта автобус йўналишида ўтказилган текширувлар давомида йўл ҳақини тўламаган 2 152 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Энг кўп қоидабузарлик 174, 120, 56 ва 169-сонли йўналишларда қайд этилган.
Хабар берилишича, назорат тадбирлари йўл ҳақи тўланишини текширишни кучайтириш доирасида ўтказилмоқда. Текширувлар 42, 56, 74, 84, 120, 169, 174 ва 177-сонли автобус йўналишларини қамраб олган.
Қоидабузарликлар бўйича энг юқори кўрсаткич қуйидаги йўналишларда қайд этилган:
-
174-сонли йўналиш — 291 та;
-
120-сонли йўналиш — 286 та;
-
56-сонли йўналиш — 284 та;
-
169-сонли йўналиш — 284 та.
Текширувлар йўловчилар оқими камайишига олиб келмаган. Хусусан, 2 ноябрь куни 174-сонли йўналишда 28 октябрга нисбатан 1,7 минг нафар кўпроқ йўловчи ташилган. Бу 32,4 фоиз ўсишни англатади. 56-сонли йўналишда эса йўловчилар сони 1,3 минг нафарга ёки 13,9 фоизга ошган.
Олти кун давомида мазкур йўналишларда жами 326,4 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилиб, 6,5 мингта қатнов амалга оширилган.
Назорат тадбирлари давом этмоқда. Йўловчиларга ҳар бир сафарда йўл ҳақини тўлаш зарурлиги эслатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 октябрдан эътиборан Тошкент шаҳридаги автобус ва метрополиттенда йўл ҳақи нархлари оширилганди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланган янги тарифларга кўра, электрон тўлов учун бир марталик йўл ҳақи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга, нақд пулдаги тўлов эса 3 000 сўмга кўтарилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас