Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг билимини баҳолаш ва имтиҳон олиш тизимини ўзгартириш режалаштирилмоқда. Таклифга кўра, 11-синф битирувчилари мактабни тамомлаш ва олий таълим муассасасига кириш учун ягона давлат имтиҳонини топшириши мумкин.
Таълим ва илм-фан вазирлиги маълум қилишича, янги тартиб 4-, 7-, 9- ва 11-синфларда босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.
Хусусан, 4-синф ўқувчилари ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича диагностик тест топширади. Унинг натижаларига кўра баҳо қўйилмайди ва бу кейинги синфга ўтишга таъсир қилмайди.
7-синфда ўқувчиларнинг касбий қизиқишлари ва мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлашга қаратилган диагностика ўтказилади. Унинг натижалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.
9-синфда асосий давлат имтиҳони жорий этилиши режалаштирилган. Унинг натижаси шаҳодатномага киритилади ва академик лицей ёки техникумга қабул жараёнида ҳисобга олинади. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг 10-синфда ўқишни давом эттириш ҳуқуқи сақланади.
11-синф битирувчилари учун эса мактабни тамомлаш ва олий таълим муассасаси ёки техникумга киришда ҳисобга олинадиган ягона давлат имтиҳонини ўтказиш таклиф этилмоқда.
Янги тартибни 2027-2028 ўқув йили якунида Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этиш режалаштирилган. Синов натижалари ўқувчиларнинг таълим муассасаларига киришига таъсир қилмайди.
2028-2029 ўқув йили якунидан бошлаб эса тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш кўзда тутилган. Вазирлик янги тартиб бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш учун аноним сўровнома ташкил этган. Унда иштирок этиб, таклиф ва мулоҳазаларни билдириш мумкин.
Олдинроқ 2027-2028-ўқув йилида академик лицейларга кириш тест синовлари қай тартибда бўлиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас