Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда солиқ тўловчилар тўлаши керак бўлган солиқларнинг ўртача 89 фоизини ўз вақтида ва мажбурий ундирув чораларисиз тўлаган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди. Энг юқори кўрсаткич йирик солиқ тўловчилар билан ишловчи ҳудудлараро солиқ инспекциясида қайд этилган — 96 фоиз.
Ҳудудлар орасида солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси Тошкент шаҳрида 94 фоизни ташкил этган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 91 фоиз, Самарқанд вилоятида эса 90 фоиз бўлган.
Андижон ва Фарғона вилоятларида солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси 89 фоизни, Бухоро вилоятида 88 фоизни ташкил этган. Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида кўрсаткич 87 фоиз бўлган. Навоий ва Жиззах вилоятларида эса 86 фоиз қайд этилган.
Солиқ турлари бўйича энг юқори кўрсаткич ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқда кузатилган: бу солиқ бўйича ихтиёрий тўлов даражаси 100 фоизга етган. Жисмоний шахслар даромад солиғида кўрсаткич 97 фоиз, фойда солиғида 96 фоиз, акциз солиғида 95 фоиз ва қўшилган қиймат солиғида 92 фоизни ташкил этган.
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича кўрсаткич 91 фоиз, мол-мулк солиғида 88 фоиз, ер солиғида 86 фоиз бўлган.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ эса энг паст кўрсаткични қайд этган — 60 фоиз. Яъни ушбу солиқ бўйича ҳисобланган мажбуриятларнинг 40 фоизи ихтиёрий равишда тўланмаган.
Бундан олдин Ўзбекистонда тадбиркорларга тўланган қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) бир қисмини барқарорлик рейтингидан қатъи назар қайтариш механизми жорий этилганди. Давлат солиқ қўмитаси маълум қилишича, қайтариш автоматик равишда амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас