Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Кувайт ва Ироқдаги элчиси Аюбхон Юнусов бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг Суриядаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари этиб тайинланди. Унинг қароргоҳи Эль-Кувайт шаҳрида жойлашади.
Янги тайинланган элчи Сурия Ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбанига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган. Мулоқот чоғида Сирия томони Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратишини ҳамда илгари кўрсатилган ёрдам ва қўллаб-қувватлашни юқори баҳолашини билдирган.
Муҳокамалар давомида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Сурия ҳукуматлараро комиссиясини ташкил этиш ва икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш масалаларини кўриб чиққанлар.
Учрашув якунида сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, юқори ва олий даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ҳамда савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланган.
Илгарироқ Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Симон Гигер иш бошлаганди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов дипломатдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олган эди.

Изоҳлар мавжуд емас