Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент фармони ва қарорларига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигида янги тайинловлар амалга оширилиб, вазирлик тизимидаги бир қатор раҳбарлар ўзгартирилди. Баъзи амалдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Элдор Адилов Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланди. Ушбу тайинловга қадар Адилов Президент Администрациясида масъул лавозимда фаолият юритган. Шунингдек, унинг номзоди аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Асилбек Худаяров эса бошқа ишга ўтиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида амалга оширилган кенг кўламли таркибий ўзгаришлар доирасида вазирлик раҳбарияти ҳам янгиланган. Хусусан, бир қатор янги ўринбосарлар тайинланиб, тизим бошқаруви мустаҳкамланган.
Отабек Имамов Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Жалолиддин Асамутдинов вазирнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари этиб белгиланган. Адхам Худайкулов ҳамда Шерзод Мухамедов эса соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари лавозимларига тайинланганлар. Шунингдек, Илхомжон Умурзаков Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти директори лавозимидан озод этилиб, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимига ишга ўтказилган.
Алишер Бобоев, Эльмира Баситханова ва Фарходжон Ташпулатов бошқа ишга ўтишлари муносабати билан эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
Бундан ташқари, Абдулла Азизов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланди.
Бундан олдин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзатом" агентлиги раҳбариятида янги тайинлов амалга оширилганди. Шахзод Алиризаев агентлик директори ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган. У тайинловдан бир кун олдин "Ўзбекнефтгаз" компаниясидаги вазифасидан озод этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас