Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Анқарада Ўзбекистон ва Туркиянинг ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа вазирлари ҳамда хавфсизлик хизматлари раҳбарлари иштирокида тарихда илк бор "4+4" механизми доирасида кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунида 2026–2027 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ушбу янги мулоқот формати глобал геосиёсий ўзгаришлар ва минтақавий хавф-хатарлар кучайган бир даврда хавфсизлик соҳасидаги ҳаракатларни бевосита мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. Томонлар трансмиллий таҳдидлар ва терроризмга қарши курашда икки мамлакат куч тузилмаларининг тезкор алоқаларини кучайтиришга келишиб олдилар.
20 январь куни икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланган. Бу ҳужжат икки давлат халқлари учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилган йўл харитаси бўлиб хизмат қилади.
Ташриф доирасида Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг 4-йиғилиши ўтказилган. Бу икки давлат президентлари ҳамраислигида ўтадиган Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган.
Савдо-инвестиция, энергетика хавфсизлиги, транспорт йўлаклари, меҳнат миграцияси, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистон делегацияси Туркия Президенти Режеп Тайип Эрдоған томонидан қабул қилинган. Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи етказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия раҳбари туркий давлатлар иқтисодиётини бирлаштириш, энергетика ва логистика орқали глобал қудрат марказига айланиш стратегиясини эълон қилган эди.
Ўзбекистон билан йўлга қўйилган "4+4" механизми ушбу стратегик мақсадларни хавфсизлик нуқтаи назаридан мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас