Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. EVOS ресторанлар тармоғининг Бухоро филиалида етказиб берувчилар учун мўлжалланган кириш қисмидаги пешлавҳа ижтимоий тармоқлардаги эътирозлардан сўнг олиб ташланди.
Масъуллар томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ушбу ахборот лавҳаси амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда жойлаштирилгани аниқланган.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати "Реклама тўғрисида"ги ва "Давлат тили ҳақида"ги қонун талабларига мувофиқ, барча лавҳалар ва кўргазмали ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши шартлигини эслатиб ўтган.
Қонунчиликка кўра, бошқа тилдаги матнлар давлат тилидаги асосий матннинг пастки қисмида жойлашиши, умумий майдоннинг 40 фоизидан ошмаслиги ва шрифт ҳажми кичикроқ бўлиши лозимлиги таъкидланиб, жамоатчилик вакилларига бу каби ҳолатларга бефарқ бўлмаганликлари учун миннатдорлик билдирилган.
Олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Бизнес-омбудсман томонидан электр энергияси учун тўлов тартибига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас