Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Чирчиқ шаҳрида тижорат банкининг бўлим бошлиғи 13 нафар фуқаронинг жами 1,3 миллиард сўмлик омонатини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Маблағлар банк кассасига кирим қилинмаган, омонат ҳисобварақларига пул тушгани ҳақида эса ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, банкнинг БХМ бўлими бошлиғи фуқаролар омонат сифатида топширган пулларни кассага кирим қилмасдан, уларнинг омонат ҳисобварақларига маблағ қабул қилингани ҳақида ёлғон маълумотлар киритган.
Текширув давомида жами 1,3 миллиард сўм банкдан ташқарида қолгани ва шахсий эҳтиёжларга сарфлангани аниқланган. Қайси тижорат банкида бу ҳолат содир бўлгани очиқланмаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Омонатчиларнинг маблағлари қайтарилган-қайтарилмагани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Бу банк омонатлари билан боғлиқ сўнгги ойлардаги ягона ҳолат эмас. Хусусан, сентябрь ойида Сергели туманида банк масъуллари мижознинг 500 минг долларлик омонатидан 300 минг долларни сохта ҳужжатлар орқали ўзлаштирганликда гумон қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас