Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғонада оғир хасталикларга чалинган шахсларнинг даволаниши учун йиғилган хайрия маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда ва крипто-активлар муомаласида қонунчиликни бузишда гумон қилинган 19 ёшли йигит қўлга олинди. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган суриштирувлар давомида гумонланувчи томонидан ноқонуний фойдаланилган крипто-активлар қиймати 408 минг доллардан ( қарийб 5 миллиард сўм) ошиб кетгани аниқланган.
ИИВ маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида 2007 йилда туғилган ушбу шахс Instagram тармоғида оғир хастага ёрдам йиғаётган блогернинг видеосини кўриб, Telegram иловасида сохта аккаунт очган ва ўзини ўша блогер сифатида танитган. У хайрия пуллари тушаётган банк картасидаги маблағларни нақдлаштириб беришни ваъда қилиб, жабрланувчилардан бирини 43 миллион сўмни ўз картасига ўтказишга ишонтирган.
Бундан ташқари, у жабрланувчининг таниши бўлган Paynet шохобчаси ходимидан яна 30 миллион сўмдан ортиқ пул олган. Гумонланувчи кўрсатмасига кўра, қўлга киритилган жами 76 миллион сўмга яқин маблағни онлайин-тотализаторда ютқазиб юборган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б", "в" бандлари (фирибгарлик) ҳамда 278-8-моддаси 3-қисми "а" банди (крипто-активлар муомаласи соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан олдин ҳам жиззахлик фуқаронинг мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбирда, ўзганинг фарзанди тасвирлари орқали ноқонуний эҳсон йиққан 27 ёшли шахс аниқланганди. Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшовчи ушбу фуқаро Telegram орқали сохта хайрия кампанияларини ташкил этиб, тушган маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас