Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Imarat Development масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан бир неча фуқаронинг мурожаатларини ўрганиб, жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Иш Жиноят кодексининг фирибгарлик ва нодавлат ташкилот мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига оид моддалари билан очилган.
ИИББ маълумотига кўра, Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳ кўчасида офиси жойлашган жамият фаолияти юзасидан бир неча фуқаро раҳбариятга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Текширув давомида Imarat Development томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар жой бинолари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ҳудудида жойлашгани аниқланган. Уйлар Тошкент шаҳрида эмас, вилоят ҳудудида қурилаётгани сабабли айрим фуқаролар норозилик билдириб, хонадонлар учун тўлаган маблағларини қайтаришни талаб қилган. Бироқ уларнинг тўловлари қайтарилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192¹¹-моддаси (нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахслари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИББ маълум қилишича, тергов ҳаракатлари бошқарма бошлиғи ва прокуратура назоратига олинган. Тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Imarat Development атрофидаги вазият юзасидан аввал ҳам харидорлар эътироз билдирган, компания вакили Марат Хайруллаев эса ўз видеомурожаатларида компанияни бошқариш билан боғлиқ низо, босим ва таҳдидлар ҳақида баёнот берган эди. Унинг билдиришича, қурилиш лойиҳаларини якунлаш ва хонадонларни харидорларга топшириш ниятида.

Изоҳлар мавжуд емас