Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан Хонқа туманида содир этилган мудҳиш қотиллик иши кўриб чиқилиб, судланувчи Қодировга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди. Суд ҳужжатлари билан Batafsil.uz мухбири танишиб чиқди.
Маълумотдарга кўра, 2026 йил 9 апрель куни кечқурун Хонқа туманидаги Guzar чойхонаси олдида келиб чиққан можаро фожиа билан якунланган. 22 ёшли Қодиров онасининг шаънига қилинган қўпол муносабатдан жаҳли чиқиб, уйидан ошхона пичоғини сотиб олиб қайтган ва жанжални тинчитмоқчи бўлган фуқаро Хайитовнинг кўкрак қисмига уриб, уни қасддан ўлдирган. Шунингдек, у Полвоновни ҳам бошига уриб ўлдиришга суиқасд қилган, бироқ атрофдагиларнинг аралашуви туфайли жиноятини охирига етказа олмаган.
Аниқланишича, ўша куни соат 21:00 лар атрофида Полвонов ва унинг синфдошлари чойхонада ўтириб, қизларни ҳам зиёфатга чақириш мақсадида тармоқ орқали хабар юборишган. Уларнинг орасида қизларни базмларга айтиш билан шуғулланувчи Зарипованинг телефонига қўнғироқ қилинганида, гўшакни унинг ўғли — судланувчи Қодиров олиб, ўртада оғзаки тортишув ва ҳақоратлар келиб чиққан. Шундан сўнг Қодиров отаси билан бирга Cobalt автомашинасида ўша чойхонага бориб, муносабатларни ойдинлаштирмоқчи бўлган.
Ўша пайтда жанжалга аралашган марҳум Хайитов уни бўйнидан бўғиб тўхтатишга уринган, шундан сўнг Қодиров отасини уйига ташлаб келгач, яқин атрофдаги дўкондан 15 000 сўмга ошхона пичоғини қарзга сотиб олган ва яна чойхонага қайтиб борган.
Чойхона олдида улар яна учрашиб қолганида, Қодиров ўзи билан олиб келган пичоқ билан Хайитовга оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлган. Шундан сўнг Полвоновни ҳам ўлдириш мақсадида унга ташланган ва пичоқнинг тиғи синганини билмай, унинг бошига уриб енгил жароҳат етказган ҳамда атрофдагиларнинг фаол қаршилиги ва аралашуви туфайли жиноятини охирига етказа олмаган.
Суд жараёнида судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлиб, бу ишларни кучли руҳий ҳаяжон ва жаҳл устида содир этганини, жабрланувчиларни олдиндан ўлдириш нияти бўлмаганини билдирган ва қилмишини енгилроқ моддага қайтакалашни сўраган. Бироқ суд гувоҳларнинг кўрсатувлари, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари, шунингдек суд-тиббий, суд-биологик ва суд-психиатрия экспертизаларининг хулосаларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, судланувчининг важларини рад этган.
Суд Қодировнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг "г" банди (хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан одам ўлдириш) ва 25,97-моддаси 2-қисмининг "а" банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдиришга суиқасд қилиш) билан тўғри квалификация қилган. Жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги, оиласида ягона боқувчи экани (ота-онаси туғма ногиронлиги) ва жабрланувчи Полвоновнинг даъвоси йўқлиги инобатга олинган.
Ҳукмга кўра, жиноят содир этилишида фойдаланилган пичоқ ва бошқа ашёвий далиллар тегишли тартибда йўқ қилиниши, кийим-кечак ва шахсий буюмлар эса қонуний вакилларга қайтарилиши белгиланган. Манфаатдор томонларга моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтириб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Денов туманида миллий кураш мусобақаси вақтида машҳур полвон Низомиддин Чутбоевни пичоқлаб ўлдирган 29 ёшли эркак 19 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Суд уни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топган эди.

Изоҳлар мавжуд емас