Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг масъул ходимлари иштирокида йирик коррупцион схема фош этилди. Маълум бўлишича, тизим мутахассислари тадбиркорларга импорт ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун норасмий "ставка"лар белгилаб олишган.
Жиноий занжирнинг очилиши бир фуқаронинг ушланиши билан бошланган. У агентликдаги танишлари орқали Туркиядаги корхонани хорижий экспортёрлар реестрига киритиб беришни ваъда қилиб, 1 000 долларни пора сифатида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган. Терговга қадар текширувлар давомида ушбу фуқаро агентликнинг бош мутахассиси билан тил бириктиргани аниқланган.
Улар Россиядан ёғоч ва Туркманистондан помидор маҳсулотларини импорт қилиш учун зарур бўлган карантин рухсатномасини расмийлаштириш эвазига бир тадбиркордан 2,9 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан ундиришган.
Суриштирувлар давомида норасмий пул айланмаларининг кўлами миллиардлаб сўмни ташкил этиши маълум бўлган. Жумладан, воситачи сифатида қатнашган дастлаб қўлга олинган фуқаронинг иккита банк пластик картасига фуқаролардан P2P усулида жами 10,9 миллиард сўм маблағ келиб тушган.
Ушбу пулларнинг 1,6 миллиард сўми турли тўловларга йўналтирилган бўлса, 6,1 миллиард сўми нақдлаштирилиб, агентликнинг масъул ходимларига етказилган. Қолган 3,1 миллиард сўмини эса воситачи ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Молиявий занжирнинг излари агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ғазна ҳисоб рақамларини таҳлил қилиш жараёнида ҳам кўзга ташланган. Ғазнага келиб тушган 91,7 миллиард сўмлик маблағ текширилганда, 14,9 миллиард сўмлик тўловлар 759 нафар фуқаронинг шахсий пластик карталари орқали шубҳали тарзда амалга оширилгани маълум бўлган.
Эътиборлиси, ушбу карта эгаларининг 174 нафари агентлик тизимида ишловчи ходимлар, 34 нафари эса уларнинг яқин қариндошлари бўлиб чиққан. Мазкур йирик қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон ҳудудларида сохта ваъдалар билан фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Кореяга иш ва ўқишга юборишни ваъда қилган бир гуруҳ фирибгарлар қўлга олинганди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг маълум қилишича, мазкур жиноий ҳаракатлар оқибатида жами 56 нафар ўзбекистонлик фирибгарлар қурбонига айланган.

Изоҳлар мавжуд емас