Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Бунга давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва касб этикасига риоя қилинмагани асос бўлган.
Фармойиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори талаблари бузилгани сабабли қабул қилинган.
Ҳужжатга Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 10 октябрдаги тақдимномаси, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг баёни ҳамда ҳокимнинг тушунтириш хати асос қилиб олинган.Фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарига юклатилган.
Бундан олдин Ўзбекистон фермерлари кенгаши Пискент тумани ҳокимининг фермерларга нисбатан босим ўтказгани юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилган эди.
Кенгаш 9 октябрдаги мурожаатида ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилган.Бунга ҳокимнинг фермерлар билан ўтказган йиғилишига оид аудиоёзувлар сабаб бўлган.
Унда Музаффар Арипов фермерларни ҳақорат қилгани ва агар майдонларга картошка экилмаса, ерлари олиб қўйилиши билан таҳдид қилгани айтилганди. Пискент тумани ҳокимлиги эса ушбу йиғилиш ғалладан бўшаган минг гектарга яқин майдонда такрорий экин сифатида кечки картошка етиштириш режаси бажарилмагани сабабли ўтказилганини маълум қилган.
Олдинроқ Музработ тумани ҳокими ҳам фермерларни ҳақорат қилгани учун жазоланганди.

Изоҳлар мавжуд емас