Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Реал Санжик" номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга нисбатан тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. Шунингдек, унга БҲМнинг 400 баравари — 136 миллион сўм жарима тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 8 октябрь куни Санжар Каримовга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Суд қарорига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "а" банди билан тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят кодексининг 59–61-моддалари асосида турли жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан якуний жазо 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳамда БҲМнинг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима этиб белгиланган.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилиб, апелляция шикоятлари қисман қаноатлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди 8 май куни Санжар Каримовни фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган эди. Унга 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 410 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланганди.
Кейинчалик блогер ва тадбиркор ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукми юзасидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича Ишчи гуруҳига мурожаат қилганди. Унинг онаси ва опаси эса АҚШ фуқаролари сифатида блогер иши бўйича АҚШ давлат органларидан ёрдам сўраган эди.

Изоҳлар мавжуд емас