Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси "Ҳудудий электр тармоқлари" жамияти ва унинг тизим корхоналарига нисбатан тадбиркорлардан қайта уланиш учун ноқонуний равишда 5,5 миллиард сўм тўлов ундиргани ҳолати бўйича иш қўзғатди.
Бизнес-омбудсман маълумотлари асосида ўтказилган таҳлиллар давомида республика бўйича 965 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларидан асоссиз даромад олингани аниқланган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, электр энергиясидан қарздорлик бартараф этилгач, тармоққа қайта улаш учун ҳар қандай жарима ва қўшимча тўловлар бекор қилинган эди. Бироқ монопол корхона томонидан 2025 йил 23 августдан 2026 йилнинг февраль ойига қадар бўлган даврда ушбу талаблар бузилиб, ноқонуний йиғимлар ундириб келинган.
Ҳозирда манфаатдор давлат органлари иштирокида мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Рақобат қўмитаси ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилишини маълум қилган.
Бундан олдин ҳам Food City Tashkent бозори маъмурияти томонидан муз маҳсулотлари олиб кириш учун тадбиркордан талаб қилинаётган асоссиз тўловлар Рақобат қўмитасининг аралашуви билан бекор қилинганди. Аниқланишича, бозорга муз олиб кириш учун кунлик йиғим миқдори бир неча баробар оширилган бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас