Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида содир этилган мудҳиш жиноят юзасидан суд ҳукми ўқилди. Фожиа оқибатида 24 ёшли аёл ва унинг 2,5 ёшли фарзанди вафот этган.
Маълум бўлишича, фожиа содир бўлган вақтда марҳуманинг онаси Туркияда ишлаётган бўлган.
У фарзандининг ўлими ҳақида чет элда хабар топиб, зудлик билан юртга қайтган, бироқ етиб келгунича қизини дафн этиб улгуришган.
Қотилликда гумонланиб шахс қўлга олингач эса, норасида набирасининг жасади хожатхонадан топилган.
Суд жараёнида айбланувчи ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, оиласини яхши кўрганини ва бу жиноятни содир этмаганини билдирган.
Бироқ иш материаллари, гувоҳлар кўрсатмалари ва тўпланган ашёвий далиллар унинг қилмишини тўлиқ исботлаган.
Айбловга кўра, судланувчи маст ҳолатда хотини яшаб келган хонадонга келиб, у билан жанжаллашган ва бошига уриб, бўғган ҳолда қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, 2,5 ёшли фарзандига ҳам зўравонлик қилиб, уни ҳам ҳаётдан маҳрум этган ҳамда изларни яшириш мақсадида жасадни сумкага солиб, эски ҳожатхонага ташлаб юборган.
Суд йиғилишида тўпланган барча далил ва исботларни кўриб чиқиб, судланувчини айбдор деб топган.
Жиноятлари бўйича унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Аввалроқ Москвада ўзбекистонлик йигит қизнинг номусига тажовуз қилишга урингани учун 8 йилга қамалганди.

Изоҳлар мавжуд емас