Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳри Миробод туманида 25 февраль куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаров вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Дастлабки маълумотларга кўра, 2010 йилда туғилган, 10-синф ўқувчиси бўлган вояга етмаган шахс инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, уни автомашинаси билан уриб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи 25 февраль куни кечқурун автотураргоҳда калити билан қолдирилган, танишининг опасига тегишли бўлган BMW русумли автомашинани олиб қочган. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ўсмир жавобгарликдан қочиш мақсадида ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай, хизмат вазифасини бажараётган ходимга оғир тан жароҳати етказганва воқеа жойидан қочиб кеган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, инспектор 27 февраль куни шифохонада вафот этган.
Гумонланувчи аввал ҳам жамоат тартибини бузиш, транспорт воситаларини ўзбошимчалик билан бошқариш, машинага сирена, мигалка ва овоз кучайтиргич ўрнатиш, ЙПХ ходими талабларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликларни содир этган.
Хусусан, жорий йилнинг 9 январь куни унинг отаси вояга етмаган фарзандини тарбиялашда мажбуриятларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бироқ бу ҳолат тарбиявий хулоса чиқарилишига олиб келмаган.
Ҳозирда вояга етмаган шахс Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми(Транспорт воситасини олиб қочиш) ва 104-моддаси 3-қисми "д" банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича гумонланувчи сифатида ушланган.
Аввалроқ унга нисбатан Mиробод туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Тергов ишлари Бош прокуратуранинг алоҳида назорати остига олиши билдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас