Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида мамлакатда мопед ва скутерлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 89 киши вафот этган, яна 488 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Йўллардаги одам ўлими ва жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талаблари кучайтирилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш тартиби жорий этилмоқда.
Сўнгги вақтларда ушбу турдаги транспорт воситалари иштирокидаги қоидабузарликлар кескин ортгани кузатилмоқда. Агар 2025 йил давомида мопед ва скутер ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш бўйича қарийб 300 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 14 баравардан зиёдга ошиб, 4 312 тага етган.
Бундан ташқари, ўтказилган текширувлар давомида 162 та ҳолатда мопед ва скутер бошқарган шахслар тегишли ҳужжатларсиз ҳамда маст ҳолатда рулга ўтиргани аниқланган. Статистик рақамларнинг кескин ўсиши кичик ҳажмли мототранспортларни бошқаришни қонуний тартибга солиш заруратини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, 2025 йил давомида Ўзбекистон йўлларида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида умумий ҳисобда 2200 га яқин инсон вафот этган.

Изоҳлар мавжуд емас