Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Америка Қўшма Штатларининг Хантсвилл шаҳрида ўтказилаётган паравелоспорт бўйича Жаҳон чемпионатида Маржона Пардабоева ва Покиза Аҳмадбекова олтин ва кумуш медалларни қўлга киритишди.
Хабарларга кўра, гуруҳ пойгаларининг аёллар ўртасидаги Т1 классида 27,6 километр масофага кечган баҳсда Маржона Пардабоева барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа, у фаолиятидаги иккинчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Шунингдек, H1 тоифасида 13,8 километр масофага ўтказилган гуруҳ пойгасида Покиза Аҳмадбекова маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медални қўлга киритди.
Қайд этиш жоизки, ҳар икки спортчи чемпионатнинг аввалги кунида вақт пойгаси баҳсларида ҳам ғолиб бўлганди.
Аввалроқ оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қатор медалларни қўлга киритганди.

Изоҳлар мавжуд емас