Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ровадари" инсон ҳуқуқлари ташкилоти Толибон томонидан қабул қилинган янги "Судларнинг жиноий принциплари" ҳужжатини қўлга киритди. Мазкур ҳужжат жамиятни табақаларга бўлиш, қулдорликни тан олиш ва аёллар ҳамда диний камчиликларга нисбатан тизимли тазйиқларни расмийлаштиришни назарда тутади.
2026 йил 21 январда эълон қилинган ҳисоботга кўра, Толибон етакчиси Мулла Ҳайбатуллоҳ томонидан имзоланган ушбу ҳужжат 3 боб, 10 фасл ва 119 моддадан иборат бўлиб, аллақачон ижро учун вилоятларга юборилган. Янги тартиб халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мутлақо зид бўлиб, унда инсон қадр-қимматини топтовчи ва адолатли судлов принципларини инкор этувчи қоидалар ўрин олган.
Энг даҳшатли жиҳатлардан бири шундаки, ҳужжатнинг 9-моддаси билан Афғонистон халқи тўрт тоифага: уламолар, ашрофлар, ўрта табақа ва қуйи табақага бўлинган. Эндиликда жазо тури жиноятнинг оғирлигига эмас, балки шахснинг қайси табақага мансублигига қараб белгиланади.
Уламо ва ашрофлар айбдор бўлса, шунчаки тавсия ёки судга чақирув билан қутилади.
Қуйи табақа вакиллари эса айни шу жиноят учун қамоқ ва жисмоний қийноқларга маҳкум этилади. Шунингдек, ҳужжатда "ғулом" (қул) сўзининг ишлатилиши ва эркакларга ўз қулларини жазолаш ҳуқуқининг берилиши халқаро ҳуқуқда мутлақо тақиқланган қулдорлик тузуми тикланаётганидан далолат беради.
Янги кодекс Ҳанафий мазҳабидан бошқа барча диний оқим ва мазҳаб вакилларини (шиалар, исмоилийлар, сикхлар ва ҳиндулар) "бидъатчи" деб эълон қилган. Ҳатто Ҳанафий мазҳабидаги шахснинг ўз қарашларини ўзгартириши икки йил қамоқ билан жазоланади. Шунингдек, исломга зид ғояларни тарғиб қилган шахсларни имомнинг рухсати билан қатл этишга йўл очилган.
Шунингдек, ҳужжатда аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик деярли рағбатлантирилган.
Эркак ўз хотинини фақат "суяги синадиган ёки териси йиртиладиган даражада" калтакласагина 15 кунлик қамоқ жазоси олиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эркакнинг аёлни уриши тарбиялаш сифатида қабул қилинади.
Аёл киши эрининг рухсатисиз ота-онасиникига тез-тез борса, у ва уни қабул қилган қариндошлари 3 ойга қамалади.
Ўқитувчиларга болаларни жисмоний жазолашга рухсат берилган.
Толибон етакчиси томонидан тақиқланган ҳар қандай ишни танқид қилиш жиноят ҳисобланади. Раҳбариятни ҳақорат қилганлар 6 ой қамоқ ва 20 дарра уриш билан жазоланади. Ҳужжатда яна " рақс тушиш ва уни томоша қилиш аниқ таърифсиз жиноят сифатида белгиланган, бу эса маҳаллий урф-одатларни ҳам тақиқ остига қўяди.
"Ровадари" ташкилоти халқаро ҳамжамият ва БМТни Афғонистондаги ушбу инсониятга зид қонунчилик ижросини тўхтатиш учун зудлик билан чора кўришга чақирмоқда.
Аввалроқ Афғонистон ҳукумати аёллар томонидан ёзилган китобларни университет дастуридан чиқариб ташлагани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас