Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг ўнлаб шаҳарларида оятуллоҳлар режимига қарши мисли кўрилмаган исён давом этмоқда. Намойишчилар нафақат кўчаларга чиқишмоқда, балки стратегик нуқталарни эгаллаб, ҳукумат кучларига фаол қаршилик кўрсатишмоқда.
Намойишчиларнинг ҳаракатлари аввалги йиллардагидан кўра анча қатъий ва уюшган характер касб этмоқда. Ғарбий Эроннинг Абданан шаҳрида намойишчилар кўчаларни тўлиқ назоратга олиб, ҳукумат идораларидан режим рамзларини улоқтиришмоқда.
Кўчаларда "Бу йил қон йили, Сайид Али (Хоманаий) ағдарилади!" деб ҳайқираётган одамлар ҳукуматнинг қуролли босимига қарамай, чекинмаяпти.
Пойтахт Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда асосий магистрал йўллар тўсиб қўйилган, бу эса жазо отрядларининг ҳаракатланишини қийинлаштирмоқда.
Экспертлар бу сафарги портлашнинг бир нечта асосий сабабларини санаб ўтмоқда. Халқ 40 йилдан ортиқ давом этаётган диний-тоталитар бошқарувдан, шахсий эркинликларнинг йўқлигидан тўйган.
Инфляциянинг ҳаддан ташқари юқорилиги, ишсизлик ва коррупция оддий аҳолини қашшоқлик ёқасига олиб келган.
Трамп маъмуриятининг форс тилида очиқдан-очиқ намойишчиларни қўллаб-қувватлаши ва "биз келяпмиз" қабилидаги баёнотлари Эрон ичкарисидаги мухолифатга руҳий куч бермоқда.
Режим "Басиж" ва Инқилоб қўриқчилари орқали намойишчиларни аёвсиз бостиришга уринмоқда. Кўчаларда ўқотар қуроллар қўлланилгани ҳақида хабарлар бор.
Кўплаб кичик шаҳарларда маҳаллий полиция намойишчилар томонига ўтаётгани ёки шунчаки воқеа жойини ташлаб қочаётгани айтилмоқда.
Ҳукумат интернетни деярли бутунлай ўчириб қўйган, бироқ сунъий йўлдош ва бошқа каналлар орқали видеолар ташқи дунёга чиқишда давом этмоқда.
Эрон ҳозир портлаш нуқтасида турибди. Агар намойишчилар йирик ҳарбий қисмларни ўз томонига оғдира олса ёки АҚШнинг ваъда қилинган "қутқарув" ёрдами амалда кўринса, режимнинг қулаши муқаррар бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июнь ойида Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ президенти Доналд Трампнинг капитуляция ҳақидаги чақириғини бажаришдан бош тортганди.

Изоҳлар мавжуд емас