Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия Федерациясида хам респиратор инфекциялар сони кескин ошиб бормоқда. Роспотребнадзор маълумотларига кўра, аниқланган ҳолатларнинг 80% дан ортиғи гонконг гриппи деб номланувчи А(H3N2) штаммли гриппга тўғри келмоқда.
Россиянинг Узоқ Шарқ, Сибирь ва Урал минтақаларида А(H3N2) гриппи тез тарқалмоқда. Мутахассислар касалликнинг кескин авж олиши январь-февраль ойларига тўғри келишини тахмин қилмоқда.
Гонконг гриппи тўсатдан бошланиши билан фарқланади. Бир неча соат ичида тана ҳарорати 39–40 даражагача кўтарилади.
Кучли титроқ, ҳолдан тойдирувчи қуруқ йўтал ва бутун танада оғриқ пайдо бўлади.
Жорий тўлқиннинг ўзига хос белгиси — қулоқларда ўткир санчиқли оғриқ бўлиб, шифокорлар буни евстахий найининг (евстахиит) шишиши билан боғлашмоқда.
Маълумот учун: Туботит (ёки евстахиит) - ўрта қулоқни бурун-ҳалқум билан туташтирувчи эшитув (евстахий) найи шиллиқ пардасининг яллиғланиши. Найдаги шиш туфайли ўрта қулоқнинг ҳаво алмашинуви ва вентиляцияси бузилади, бу эса эшитиш қобилиятининг пасайишига, тиқилиб қолиш ҳиссига ва қулоқларда шовқин пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Шифокорлар касалликнинг пневмония (зотилжам), отит ва миокардит каби жиддий асоратларидан огоҳлантирмоқда. 65 ёшдан ошган кексалар энг юқори хавф гуруҳида деб ҳисоблашмоқда.
Грипп билан бир қаторда, Россияда COVID-19 ҳолатлари сони ҳам 17,8% га ошган.
Мутахассислар эмлашни қатъий тавсия қилишмоқда. Ҳозиргача Россияда 78 миллион фуқаро эмланган.
Шифокорлар беморларни антибиотиклар билан ўз-ўзини даволашдан тийилишга ва биринчи симптомлардаёқ тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қўшнимиз Қозоғистонда ҳам мавсумий вируслар авж олган бир пайтда Гонконг гриппи билан касалланиш ҳолатлари ҳам ортиб бораётган эди. Ўшанда шифохоналарда болалар билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари кўпайганлиги ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас