Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ернинг ҳолати ёмонлашган. БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) доирасида тайёрланган Global Land Outlook’нинг Марказий Осиё бўйича янги тематик ҳисоботида минтақадаги ер ва яйловлар деградацияси, сув танқислиги ҳамда қурғоқчилик асосий муаммолар сифатида қайд этилган.
Ҳисоботда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги ер ресурсларининг ҳолати таҳлил
қилинган. Унда эрозия, тупроқларнинг шўрланиши, яйловлар деградацияси, чўлланиш, қурғоқчилик, шунингдек, қум ва чанг бўронларининг оқибатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ерлар деградацияси Марказий Осиё мамлакатларига ҳар йили 2 миллиард доллардан қарийб 6 миллиард долларгача иқтисодий зарар етказаётгани қайд этилган. Бу баҳолар ҳосилдорликнинг пасайиши, яйловлар ҳолатининг ёмонлашиши, ер унумдорлигининг йўқолиши ва деградациянинг бошқа оқибатлари асосида ҳисобланган.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида Орол денгизининг қуриб қолган тубида 2 миллион гектар майдонга саксовул экилгани келтирилган. Муаллифлар ушбу ўсимликлар чангни ушлаб қолиш кўрсаткичини 35–40 фоизга етказганини, дастлаб эса 15–18 фоиз натижа кутилаётганини қайд этган.
Шунингдек, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. 2030 йилгача шаҳарларнинг кўкаламзорлаштириш даражасини 8 фоиздан 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Дарахтларни кесишга доимий мораторий жорий этилгани ҳам муҳим чора сифатида баҳоланган.
Ўзбекистонда 1 миллион гектар ерни томчилатиб суғориш тизимига ўтказилгани ҳам ҳисоботда қайд этилган.
Ҳужжатда ерлар деградацияси иқлим ўзгариши ва сув ресурслари билан узвий боғлиқ экани таъкидланган. Жумладан, юқори эмиссиялар сценарийси — RCP 8.5 бўйича Тожикистон 2100 йилга бориб музликларининг 80 фоизигача қисмидан айрилиши мумкинлиги ҳақида баҳолар келтирилган. Бу аниқ прогноз эмас, балки муайян сценарий асосидаги ҳисоб-китобдир.
Қум ва чанг бўронлари ҳам минтақадаги ер деградациясининг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этилган. Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидан кўтарилган чанг ва туз заррачалари узоқ масофаларга тарқалиб, Марказий Осиё тоғлари ва Помир музликларигача етиб бориши мумкин.
Бундан ташқари Орол денгизининг қуриши нафақат экологик офатга, балки ўнлаб йиллар давомида денгиз тубида тўпланган органик моддалардан атмосферага катта миқдорда карбонат ангидрид чиқишига ҳам сабаб бўлган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1960-йиллардан 2022 йилгача Орол денгизининг қуриган тубидан атмосферага тахминан 748 миллион тонна карбонат ангидрид чиқарилганди.
Global Land Outlook Central Asia Thematic Report ҳисоботининг расмий тақдимоти 26 август куни Улан-Баторда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси COP17 конференцияси доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас