Назорат харидларида 482 номдаги маҳсулот сифат талабларига жавоб бермагани аниқланди
Ҳодисалар

Назорат харидларида 482 номдаги маҳсулот сифат талабларига жавоб бермагани аниқланди

20

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини текшириш жараёнида 482 номдаги маҳсулот белгиланган меъёрларга жавоб бермагани аниқланди. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.

Рақобат қўмитаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган маҳсулотлар юзасидан мунтазам назорат харидларини ўтказиб келмоқда. Текширувлар давомида олинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда экспертизадан ўтказилиб, уларнинг давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, 2021–2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярми давомида республика бўйича қарийб 2 600 номдаги халқ истеъмоли маҳсулоти назорат хариди асосида текширилган. Ўрганишлар натижасида 482 турдаги маҳсулотда белгиланган талабларга номувофиқликлар аниқланган.

Йиллар кесимида назорат натижалари қуйидагича:

— 2021 йилда 182 та маҳсулот текширилиб, 43 тасида камчилик аниқланган;
— 2022 йилда 242 та маҳсулотдан 55 таси талабларга жавоб бермаган;
— 2023 йилда 397 та маҳсулот ўрганилиб, 26 тасида номувофиқлик қайд этилган;
— 2024 йилда 560 та маҳсулотдан 110 таси сифат талабларига мос келмаган;
— 2025 йилда 822 та маҳсулот текширилиб, 201 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган;
— 2026 йилнинг биринчи ярмида 394 та маҳсулот назоратдан ўтказилиб, 47 тасида талаблар бузилгани маълум бўлган.

Таҳлилларга кўра, назорат харидларининг катта қисми аҳоли кундалик фойдаланадиган маҳсулотларга тўғри келган. Жумладан, қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари 15,6 фоизни, дори воситалари 10,4 фоизни, консерваланган маҳсулотлар 9,6 фоизни, ёқилғи-мойлаш материаллари 9 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, сут ва сут маҳсулотлари, ош тузи, ун ва ун маҳсулотлари, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар, энергетик ичимликлар ҳамда бошқа турдаги товарлар бўйича ҳам текширувлар ўтказилган.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг ўтган олти ойида "Ўзбекистон — 2030" стратегияси доирасида 43 турдаги қарийб 400 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилган. Натижада 47 номдаги маҳсулот норматив-техник талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Сифат талабларига мос келмаган маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чора кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология қўмитасига юборилган.

Рақобат қўмитаси келгусида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат харидларини давом эттиришини, талабларга жавоб бермаган маҳсулотлар бўйича ваколатли идоралар билан ҳамкорликда чоралар кўришини маълум қилган.

Маълумот учун, миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган бўлса-да, йиллик инфляция кўрсаткичи 107,1 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги (110,3 фоиз) кўрсаткичга нисбатан сезиларли пасайиш ҳисобланади.



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...