Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яқин кунларда ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудида аномал иссиқ ҳарорат янада кучайиши кутилмоқда. Синоптикларнинг прогнозига кўра, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 42-45 даражагача, мамлакат жанубида ва чўл ҳудудларида эса 46-48 даражагача кўтарилади. Эстремал иссиқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб қолади ва фақат 21 июль, сешанба кунидан бошлаб ҳароратнинг кескин пасайиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 17-19 июль кунлари ва келаётган ҳафта бошида мамлакатнинг барча ҳудудларида кучли жазирама таъсири сезилади. Иссиқ об-ҳаво билан биргаликда шамол тезлиги сониясига 9-14 метрдан 15-18 метргача, шимол, жануб ва чўл зоналарида эса баъзида 20-22 метргача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Душанба, 20 июль куни ҳам республиканинг катта қисмида экстремал иссиқ ҳаво сақланиб қолса-да, айнан шу куни мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳароратнинг илк пасайиш белгилари бошланади. Сешанба куни эса салқин ҳаво оқими бутун республика бўйлаб ёйилиб, ҳароратнинг 6-9 даражагача пасайишига олиб келади.
Пойтахт Тошкентда ҳам ушбу кунларда асосан кам булутли ва жазирама об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Шаҳарда бугун кундузи ҳаво ҳарорати 41-43 даражани ташкил этса, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат янада кўтарилиб, 43-45 даражагача етади. Тунги вақтларда эса ҳарорат 25-28 даража атрофида сақланиб қолиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас