Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яманда бир неча йил давомида нисбатан пасайган қуролли тўқнашувлар яна кенг миқёсдаги жангларга айланмоқда. Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган Яман ҳукумати кучлари Қизил денгиз соҳилида ҳусийларга қарши йирик ҳарбий операция бошлади. Операциянинг асосий мақсадларидан бири Боб ал-Мандаб бўғози атрофидаги стратегик ҳудудларни қайта назоратга олиш ва ҳусийларни Қизил денгиз соҳилидан сиқиб чиқаришдан иборат. Саудия авиацияси ҳам операцияда фаол иштирок этмоқда.
Яман ҳукумати кучлари операциянинг дастлабки босқичида Боб ал-Мандаб бўғози яқинидаги бир қатор ҳудудларни, жумладан Дубаб, Баб ва Ҳадейд атрофини қайтариб олганини билдирган. Кейинчалик стратегик аҳамиятга эга Моха шаҳри устидан ҳам назорат тиклангани маълум қилинган. Моха Қизил денгиз соҳилида жойлашган муҳим порт бўлиб, унинг Боб ал-Мандабга яқинлиги шаҳарни ҳар икки томон учун ҳам муҳим ҳарбий нуқтага айлантиради.
Саудия томонининг ушбу ҳужуми ҳусийларнинг сўнгги ҳафталарда Қизил денгиз соҳилида эришган ютуқларидан кейин бошланган. Маълумот учуна, ҳусийлар сентябрь ойида Боб ал-Мандаб яқинидаги бир қатор ҳудудларни эгаллаб, стратегик денгиз йўлига яқинлашганди. Бу эса Саудия учун жиддий хавф сифатида баҳоланган. Риёд ҳусийларнинг Қизил денгиздаги таъсирини кучайтиришига йўл қўймаслик учун Яман ҳукумати кучларини ҳарбий ва ҳаво кўмаги билан таъминлашга қарор қилган.
Операциянинг аҳамиятини Боб ал-Мандаб бўғозининг географик жойлашуви билан тушунтириш мумкин. У Қизил денгизни Аден қўлтиғи билан боғлайдиган тор денгиз йўли бўлиб, Европа ва Осиё ўртасидаги денгиз савдосининг муҳим қисми шу йўналиш орқали ўтади. Айниқса нефть ва бошқа энергетика ресурсларини ташишда мазкур маршрут катта аҳамиятга эга. Шу сабабли Боб ал-Мандаб атрофидаги ҳар қандай йирик ҳарбий ҳаракат нафақат Яман уруши, балки халқаро денгиз савдоси ва энергетика бозори учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Саудия бошчилигидаги ҳужумга ҳусийлар ҳам жавоб қайтарганини билдирган. Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яман ҳудудидан Саудия Арабистонига бир қатор баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда дронлар учирилганини маълум қилган. Ҳусийлар ўз баёнотида Ар-Риёддаги King Khalid халқаро аэропорти, Абҳа аэропорти, Хамис-Мушайтдаги ҳарбий база ҳамда Рабиғдаги Aramco билан боғлиқ нефтни қайта ишлаш объектини нишонга олганини айтган.
Бироқ бу хабарларнинг муҳим қисми ҳозирча ҳусийларнинг баёноти даражасида қолмоқда. Саудия расмийлари ҳусийлар айтган барча объектларга зарба етганини мустақил равишда тасдиқлагани йўқ.
Шунга қарамай, Саудия ҳудудига ракета ва дронлар билан ҳужум қилиш хавфи янги эмас. Сўнгги ҳафталарда ҳам ҳусийлар Саудия шаҳарлари ва ҳарбий объектларини нишонга олганини маълум қилган. Саудия томони эса айрим баллистик ракеталар ва дронлар ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилганини билдирган.
Хусусан, 16 сентябрь куни Ар-Риёд ҳаво мудофаа тизими Макка шаҳри жанубида Хусийлар томонидан учирилган дронни тутиб қолганди.
Ҳусийларнинг баёнотида Рабиғдаги Aramco объектининг тилга олиниши эса алоҳида аҳамиятга эга. Рабиғда Saudi Aramco ва японларнинг Sumitomo Chemical компанияси билан боғлиқ Petro Rabigh нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё мажмуаси жойлашган. Aramco кейинги йилларда ушбу корхонадаги улушини оширган ва ҳозир унинг асосий акциядорларидан бири ҳисобланади.
Petro Rabigh мажмуаси Саудиянинг муҳим саноат объектларидан бири бўлиб, у хом нефтьни қайта ишлаш ва турли нефт маҳсулотлари ҳамда нефт-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шу сабабли бундай инфратузилманинг эҳтимолий нишонга олиниши нафақат хавфсизлик, балки нефт бозори нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли.
Сўнгги кунларда Ар-Риёд яқинидаги нефт инфратузилмаси билан боғлиқ ёнғин ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Ҳусийлар бу воқеани ўз зарбаси натижаси сифатида кўрсатган, Саудия томони эса уларнинг даъвосини рад этган. Халқаро нашрлар ушбу ҳолатни ёритар экан, ҳусийларнинг даъволари мустақил равишда тўлиқ тасдиқланмаганини қайд этмоқда.
Шу билан бирга, Ямандаги жанглар фақат Боб ал-Мандаб атрофи билан чекланмаяпти. Ҳусийлар мамлакат жануби-ғарбидаги Таиз вилоятида ҳам олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда. Халқаро нашрлар маълумотларига кўра, ҳусийлар Турбаҳ шаҳри устидан назорат ўрнатган. Бу ҳудуд Таиз ва мамлакат жанубидаги бошқа муҳим шаҳарларни боғловчи йўллар яқинида жойлашгани учун стратегик аҳамиятга эга.
Турбаҳдаги вазият Боб ал-Мандаб фронтидаги воқеалардан фарқли манзарани кўрсатмоқда. Бир томонда Саудия қўллаб-қувватлаётган кучлар Қизил денгиз соҳилида ҳусийларни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётган бўлса, иккинчи томонда ҳусийлар Таиз атрофида янги ҳудудларни эгаллашга уринмоқда. Демак, Ямандаги ҳозирги эскалация бир нечта фронтда бир вақтнинг ўзида кечмоқда.
Можарони янада мураккаблаштираётган омиллардан бири — Саудиянинг минтақадаги иттифоқчилари. 5 октябрда Риёдда Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасидаги Макка мудофаа келишуви доирасида фавқулодда йиғилиш ўтказилган. Уч давлат Саудиянинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича жамоавий мудофаа механизмларини ишга тушириш ва келишилган ҳарбий кучлар ҳамда имкониятларни Саудия ҳудудига тезкор жойлаштириш учун зарур чораларни кўришга келишган.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан йиғилишдан кейин Яман атрофидаги вазият ва Саудияга қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлиги муҳокама қилинганини айтган. У, шунингдек, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилганини билдирган. Бу баёнот Анқара ҳозирча Яманга тўғридан-тўғри қўшин киритиш қарорини қабул қилганини англатмайди.
Бироқ уч давлатнинг расмий баёнотида Саудияга келишилган ҳарбий кучлар ва имкониятларни тезкор жойлаштириш бўйича чоралар кўрилиши айтилган. Шу нуқтаи назардан Туркия ва Покистоннинг иштироки Яман урушига бевосита қўшин киритишдан кўра, ҳозирча Саудиянинг ўзини ҳимоя қилиш салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Мазкур воқеаларнинг яна бир муҳим иштирокчиси — АҚШ. Вашингтон Саудиянинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаётгани ва Риёдга разведка ҳамда оператив режалаштириш бўйича кўмак кўрсатаётгани ҳақида хабар берилган. Бу эса Ямандаги янги жангларни минтақавий хавфсизлик масаласига янада яқинлаштирмоқда.
Ямандаги можаронинг яна қайта авж олиши 2022 йилдан кейин шаклланган нисбий тинчлик даври тугаётганидан дарак бериши мумкин. Ўша даврда БМТ воситачилигидаги музокаралар натижасида йирик фронтлардаги жанглар анча пасайган эди. Бироқ ҳусийлар ва Саудия ўртасидаги қарама-қаршилик тўлиқ бартараф этилмаган, томонлар ўртасидаги ишончсизлик сақланиб қолган.
Ҳозирги эскалациянинг асосий сабабларидан бири ҳусийларнинг Қизил денгиз соҳилидаги мавқеини кучайтириши билан боғлиқ. Улар Боб ал-Мандаб яқинидаги стратегик ҳудудларни назорат қилиш орқали нафақат Яман ҳукуматига, балки Саудия ва халқаро денгиз ташувларига ҳам босим ўтказиш имкониятига эга бўлади. Саудия эса бундай вазиятнинг чуқурлашишига йўл қўймаслик учун ҳукумат кучларининг ҳужумини қўллаб-қувватламоқда.
Шунинг учун ҳозирги жангларни оддий "ҳусийлар ва Яман ҳукумати ўртасидаги навбатдаги тўқнашув" деб баҳолаш етарли эмас. Гап бир вақтнинг ўзида Яман ҳудудлари устидан назорат, Боб ал-Мандаб бўғози, Қизил денгиздаги денгиз қатнови, Саудия хавфсизлиги ва нефт инфратузилмаси устидан назорат билан боғлиқ бир нечта масала ҳақида кетмоқда.
Агар жанглар Боб ал-Мандаб ва Қизил денгиз соҳилида давом этса, бунинг таъсири Яман чегараларидан анча узоққа чиқиши мумкин. Чунки ушбу йўналиш орқали халқаро юк ташиш ва энергетика маҳсулотлари ҳаракатланади. Кемалар учун хавф ошса, ташувчилар хавфсизроқ, аммо узунроқ йўналишларни танлаши мумкин. Бу эса ташиш харажатлари ва етказиб бериш муддатларига таъсир қилиши эҳтимолини оширади.
Ҳозирча энг муҳим савол — Саудия қўллаб-қувватлаётган Яман ҳукумати кучлари Боб ал-Мандаб атрофидаги ҳудудларни қанчалик узоқ ушлаб тура олиши ва ҳусийлар бунга қандай жавоб қайтариши. Агар ҳусийлар Саудиянинг нефт инфратузилмаси ва йирик шаҳарларига зарбаларни кучайтирса, можаро янада кенгайиши мумкин. Агар Саудия қўллаб-қувватлаётган кучлар Боб ал-Мандаб соҳилини мустаҳкам назоратга олса, ҳусийларнинг Қизил денгиздаги стратегик мавқеи заифлашиши мумкин.
Ҳозирги ҳолатда эса бир нарса аниқ: Ямандаги уруш яна бир марта минтақавий можарога айланиш хавфи билан қайтмоқда. Қизил денгиз, Боб ал-Мандаб ва Саудиянинг нефт инфратузилмаси бир вақтнинг ўзида можаронинг марказига чиқиши эса бу сафарги эскалациянинг аввалги босқичлардан фарқ қилишини кўрсатмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас